22:43 / 24.11.2015
4062

Ростуризм россиялик сайёҳларга Туркияга бормасликни тавсия қиляпти

Ростуризм россиялик сайёҳларга террорчилик хавфи туфайли Туркияга бормасликни тавсия қиляпти. Бу ҳақда Ростуризм раҳбари Олег Сафонов ТАСС ахборот агентлигига маълум қилди.

“Биз Россия Ташқи ишлар вазирлигидан тавсиялар олдик. Ташқи ишлар вазири вазирлик Туркияга бормасликни тавсия қилаётганини айтди, чунки Туркияда террорчилик хавфи Мисрдагидан кам эмас. Ростуризм бу тавсияларни бажариш учун ишларни бошлади”, деб айтди Сафонов.

Сафоновнинг айтишича, ҳозирча россиялик сайёҳларни Мисрдаги каби олиб чиқиб кетиш ҳақида гап бормаяпти. “Биз бугун туроператорларни Туркияда бўлган сайёҳлар сони ҳақида маълумотни тезкорлик билан тақдим қилишни илтимос қилиб мурожаат қиламиз ва биз Россия ҳукумати ва президенти қабул қиладиган қарорларга мувофиқ турли чораларни кўришга тайёр турамиз”, деб айтди Ростуризм раҳбари.

Ўз навбатида, Давлат думасининг сайёҳлик бўйича қўмитаси бошлиғи Михаил Емельянов ТАСС ахборот агентлигига маълум қилишича, Россиянинг Су-24 самолётига ҳужум биринчи навбатда Туркия сайёҳлик соҳасига жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. “Туркия сайёҳлик соҳасининг энг оммавий йўналиши хавф остида қолмоқда”, деб айтди Емельянов.

Top