22:19 / 24.11.2015
3650

Салоҳ Абдисломни ГФРнинг ғарбидан қидириш ишлари бошланди

Париж теракти ташкилотчилигида гумон қилинаётган Салоҳ Абдислом Германияда яширинган бўлиши мумкин. Айни вақтда немис полицияси уни Германи ғарбидаги Минден шаҳри атрофларидан изламоқда. Бу ҳақда Билефельддаги ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари хабар берган.

Бироз олдинроқ, унинг Брюсселда ўтказилган аксилтеррор амалиёт вақтида қўлга тушмагани тўғрисида хабар қилинганди. У ўшанда автомобил орқали Бельгиядан Германия ҳудудига ўтиб олгани тахмин қилинган.

"Париж терактлари ташкилотчилигида асосий гумондор ҳисобланган шахс яна бир марта таъқибдан қутилиб қолди ва у BMW русумли автомобилда Германияга ўтиб кетгани тахмин қилинмоқда", дейилган The Daily Telegraph хабарида.

Маълумот учун, Салоҳ Абдислом 1989 йилда туғилган, бўйи 1,75 м. Кўзлари жигарранг.
"Салоҳ Абдислом 2009 йилдан 2011 йилгача Брюссел шаҳри метросининг Иксель бекатида техник ходим сифатида ишлаган.

Унинг акаси Иброҳим эса "Батаклан" қамал қилинган вақтда ўзини портлатиб юборган.
Бироз олдинроқ, “Батаклан”га ҳужум қилган террористлар наркотик модда таъсирида бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Top