08:59 / 24.11.2015
2304

Тошкентда Ўзбекистон ва Корея Республикаси бизнес-форуми бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 ноябрь куни Ўзбекистон ва Корея Республикаси ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, геология ва минерал ресурслар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва кимё саноати, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари, электротехника, коммунал хизмат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
Бизнес-форумда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди.

Корея Республикаси ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан атрофлича таништирилди.
Корея Республикасининг қирққа яқин компанияси вакиллари иштирок этган ушбу анжуманда икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларидан янада самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Савдо, иқтисодиёт, саноат, машинасозлик, энергетика, электротехника, кимё, фармацевтика ва қурилиш каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Корея Республикаси компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига янада кенг жалб этишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Корея Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат тадбиркорлари ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикрлашиб олди.

Top