17:57 / 26.11.2015
17438

Бугунги кунда Ўзбекистон кўчаларида 4 миллиондан зиёд машина ҳаракатланмоқда

«Қашқадарё» газетаси мухбири автомобилларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида сўров ўтказиб, "Автомобилсиз бир кун ёхуд "ғилдиракли кимёвий фабрика" номли мақола ёзган.

У аввалига машинаси йўқ кишига келажакда "машина олишни исташ-истамаслиги"га қизиқиб савол берган. Сўралувчи эса "нарх, машина кўриниши ва қанча ёнилғи сарфлаши"ни ҳисобга олган ҳолда имконият туғилса, албатта бундай харидни амалга оширишини билдирган.

Мухбир бошқа бир, машинаси бор кишидан сўрайди: "Ҳаётингизнинг бир кунини автомобилсиз тасаввур қила оласизми?"

"Машинасиз бир куннинг ўтиши жуда қийин, автомобиль мен учун бамисоли қўл-оёқ, усиз ҳеч нима қилиб бўлмайди - ишга кечикиб қоламан, истаган жойимга истаган вақтимда бориш имконидан маҳрум бўламан, бозор-ўчар қилишга қийналаман. Бир сафар сал носоз бўлиб турган "тойчоқ"ни автосервисга тузатишга бериб, нақ уч кун қийналдим, шунинг учун, нима бўлса ҳам, машинамнинг тагидан шамол ўтиб турса, бас...", деган у.

Шунингдек, мухбир автомобилларнинг атроф-муҳитга таъсири масаласи хусусида маълумот олиш учун мутахассисга мурожаат қилган.

"Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар етти кишига биттадан автомобиль тўғри келади. Яъни, Ўзбекистон кўчаларида 4 миллиондан зиёд машина ҳаракатланаяпти. Биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида эса 200 мингга яқин автомобиль бор", — дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти атроф-муҳит муҳофазаси ва экология кафедраси мудири Тўлқин Раҳимов.

Кафедра мудирининг сўзларига кўра, автомобилнинг фойдаси билан теппа-тенг зиёни ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, автомобиллардан чиқадиган зарарли тутун атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатади.

"Бундан ташқари, автомобиль шовқини зарарли товушдир. Ўзбекистондаги йирик шаҳарлар аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи бугунги кунда худди шундай зарарли шовқиндан азият чекади", — дейди Тўлқин Раҳимов.

"Биз нафас оладиган ҳаво - атмосферани ташкил этадиган қатламлар ҳар қайсиси ўзининг муайян вазифасига эга. Масалан, озон қатлами барча тирик организмларни нурланишдан сақлайди. Қуёш нурлари таъсирида кислород, азот оксиди ва бошқа газлар иштирокида ҳосил бўлган озон кучли ультрабинафша нурларни ўзига ютиб, тирик организмларни унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади. Автомобиллардан ҳавога чиқариладиган ис гази эса озоннинг емирилишига сабаб бўлади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳавони ифлослантирадиган асосий антропоген омиллар рўйхатида автомобиль транспорти биринчи ўринни эгаллайди. Яъни умумий зарарнинг 40 фоизи Ер юзида ҳаракатланаётган автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Қолган зарарнинг 20 фоизи энергетика саноати, 14 фоизи корхона ва ташкилот ишлаб чиқариши, 26 фоизи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, маиший коммунал хўжалиги ва бошқа соҳалардан етказилади. Шунинг учун мутахассислар автомобилни "ғилдиракли кимёвий фабрика" деб аташади. Дунёнинг энг илғор, ривожланган давлатларида ташқи муҳитнинг ифлосланиши автомобиль двигателлари чиқараётган заҳарли моддалар туфайли юз беради. Японияда автомобилларнинг кўплигидан кўча ҳаракатини бошқарадиган полиция ходими ҳар икки соатда кислород ниқобини алмаштириб туришга мажбур бўлар экан. Машина мотори чиқарган газ таркибида углерод оксиди, карбонат ангидрид, алдегидлар, азот оксиди, қўрғошин бирикмалари бўлиб, улар нафақат атроф-муҳит софлигига путур етказади, балки инсон саломатлиги учун ҳам кони зиён ҳисобланади. Углерод оксидлари қондаги гемоглобин билан бирикиб, унинг кислород ташиш хусусиятини камайтиради, қўрғошин бирикмаси эса нафас йўллари орқали организмга ўтиб, юрак-қон томирлари фаолиятига жиддий шикаст етказади. Битта автомобиль бир кунда 10-12 литр бензин ёнилғиси ишлатиб, атмосфера ҳавосига 25 килограммча зарарли кимёвий бирикмаларни чиқаради. Бир йил давомида "ишлаган" автомобиль 4 тоннадан ортиқ кислородни йўқотишга "ҳисса" қўшади.

Статистик маълумотларга кўра, инсон бир суткада ўртача 1,5 килограмм озиқ-овқат, 2,5 литр сув истеъмол қилади. Одам ўпкаси эса бир суткада 13 кубометр ҳавони ютиб чиқаради. Бу бутун бир бошли темир йўл цистернаси ҳажмига тенг. Одам овқат емасдан бир ой, сувсиз уч кун яшаши мумкин. Бироқ ҳавосиз икки-уч дақиқадан ортиқ яшай олмайди.

Қолаверса, транспорт воситаларидан чиқадиган ис гази ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, сув ва тупроқни ҳам баравар зарарлайди. Ифлосланган ҳаво таъсирида ўсимликларда модда ва энергия алмашинуви бузилади, экинлар ва мевали дарахтлар камҳосил бўлиб қолади. Бугина эмас, ис гази табиатдаги фотосинтез жараёнига ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

Аслида ис газининг ҳам атмосферада ўз ўрни, вазифаси бор. Яъни кимёвий формуласи SO2 бўлган мазкур модда ердаги ҳароратни меъёрда ушлаб туради, уни рамзий маънода сайёрамизнинг кўрпаси, дейиш мумкин. Ис газининг атмосфера ҳавоси таркибидаги улуши 0,3 фоизни ташкил қилади, аммо бу турғун миқдор эмас, мавсумга боғлиқ равишда ўзгариб туради. Олимларнинг аниқлашича, ҳозирги даврда ис гази миқдори инсон омили таъсири билан бир йилда ўртача 22 миллиард тоннадан ортиқни ташкил қилади", дейди мутахассис.

Top