20:41 / 26.11.2015
4982

Россия ТИВ: Туркия ҲҲК Су-24 билан алоқа ўрнатишга уринмаган

Туркия Ҳарбий ҳаво кучлари Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширишдан олдин учувчилар билан алоқага чиқмагани ва огоҳлантирмагани яна бир бор таъкидланди. Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова баёнот берган.

"Аниқ маълумотларга кўра, бизнинг самолётимиз Туркия билан чегарани бузиб ўтмаган. Буни Суриянинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа маркази ҳам тасдиқлайди. Бундан ташқари, Хмеймим аэродромидаги разведка хизматлари маълумотига кўра, Туркия қирувчи самолёти Суриянинг ҳаво кенгликларига бузиб кирган", дейди у.

Захарованинг қайд этишича, Туркия томони Россия самолётидагилар билан ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Top