15:04 / 27.11.2015
18183

Ислом Каримов: Наманган шаҳри чегараларини аниқлаштириш керак. Қаерда шаҳар, қаерда туман бошланишини билиб бўлмайди

26 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. Нутқнинг тўлиқ матни УзА сайтида жойлаштирилган.

Мажлисда вилоятда маъмурий-ҳудудий тузилиш масаласида юзага келган жиддий муаммолар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
«Баъзи жойларда қаерда шаҳар, қаерда туман бошланадию қаерда тугашини аниқ билиб бўлмайди. Бу борада, айниқса, Наманган тумани ва Наманган шаҳрининг маъмурий чегарасини қайтадан кўриб чиқиш талаб этилади.

Амалдаги чегаралар шундай ўтказилганки, шаҳарнинг ривожланиши учун захира ерлар назарда тутилмаган ва бунинг оқибатида туман ва шаҳарнинг ерлари туташиб кетган. Энг ёмони, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг ҳудудларни ривожлантириш масаласидаги масъулияти ва жавобгарлиги аниқ эмас. Бу масалани атрофлича кўриб чиқиб, унинг амалий ечимини топишимиз керак.

Мен сентябрь ойида Уйчи, Мингбулоқ, Тўрақўрғон туманларида бўлиб, вилоят раҳбарияти томонидан кўпгина соҳаларда оқсоқликка йўл қўйилганига, айни вақтда мамлакатимиз ҳукуматининг ҳам Наманганга эътибори бирмунча сусайиб қолганига ишонч ҳосил қилдим», — деди Ислом Каримов.

"Юзага келган бундай аҳволнинг сабаблари ҳақида гапирганда, аввало, вилоятда стратегик аҳамиятга эга бўлган, ташқи бозорга маҳсулот чиқарадиган йирик саноат корхоналарини қуриш масалаларига етарлича эътибор берилмаётганини таъкидлаш керак. Буни кейинги йилларда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улуши атиги 11 фоизга яқинни ташкил этаётгани ҳам исботлаб турибди. Ҳолбуки, мамлакатимиз миқёсида бу рақам икки баробардан зиёд кўп бўлиб, 25 фоиздан иборат. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда Наманган вилоятининг мамлакатимиз саноатидаги улуши жуда паст даражада – бор-йўғи 2,7 фоиз бўлиб қолмоқда. Бу албатта ҳеч кимни қониқтирмайди.

Жорий йилда вилоятдаги 10 та йирик саноат корхонасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 36 миллиард сўмга камайган, аҳоли жон бошига истеъмол товарлари ишлаб чиқариш эса мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан 1,7 баробар орқада қолган.

Энг ёмони, мавжуд корхоналарнинг аксарияти тўла қувват билан ишламаяпти. Бунга эса ишлаб чиқаришга корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, менежмент ишини тўғри йўлга қўйиш, бу борада замонавий усуллардан фойдаланиш бўйича деярли силжиш йўқлиги сабаб бўлмоқда. Натижада буюртма портфели номига шакллантирилмоқда, бир қатор корхоналарнинг молиявий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашмоқда, уларнинг техника ва технологиялари эскилигича қолмоқда.

Бугунги кунда вилоят бўйича 327 та ёки жами саноат корхоналарининг 10 фоизи фаолият кўрсатмаётгани, 16 фоизи эса паст қувват билан ишлаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади.

Бу борадаги аҳволни холисона таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, вилоятнинг кўпгина туманларида хомашё ва ишчи ресурслари, тегишли инфратузилмалар етарли бўлишига қарамасдан, замонавий саноат корхоналари барпо этиш бўйича ташаббус ва амалий ҳаракатлар деярли сезилмаяпти.
Шу муносабат билан илгари ҳам кўп бор айтган гапни яна такрорлашга тўғри келади – фақат пахта, ғалла ва сабзавот етиштириш, фақат аграр соҳа ҳисобидан янги корхоналар, уй-жойлар қуриш, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўлаш, ижтимоий эҳтиёжларни бажариш, кўпайиб бораётган аҳолимизни боқиш мумкинми", дейди президент.

Бу сессияда ташкилий масала кўрилди ва Баҳодир Юсупов Наманган вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра, вилоятнинг Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.

Top