18:56 / 27.11.2015
3257

Олимлар смартфон ва сариёғли бутерброд ўртасида умумий жиҳатни аниқлашди

Астон университети олими Роберт Мэтьюз смартфон қайси томони билан ерга тушишига қандай кучлар ва омиллар таъсир қилишини тушунтирувчи формулани чиқарди. Бунинг тушунтирилиши сариёғли бутерброднинг ерга тушишиникига яқин эканлиги аниқланди. Бу “антиқа” ихтиро ҳақида Daily Mail нашри хабар берди.

Олимнинг фикрича, 60 фоиз вазиятда смартфон айнан экран томони билан ерга тушади. Бу биринчи навбатда одам смартфонни қўлида қандай ушлашига боғлиқ. Агар смартфон бир қўл билан ушланса, бармоқлар смартфоннинг оғирлик марказидан пастда жойлашади. У қўлдан тушиб кетганда, айлантирувчи лаҳза ҳосил бўлади.

Сўнгра ер тортиш кучи, одам смартфонни қандай бурчак остида ушлагани, қурилма ўлчами ва материали ҳамда тушиш баландлиги каби омиллар ишга киришади. Барча олинган маълумотларни яратилган формулага қўйиб, смартфон экран томони билан тушиш эҳтимолини қуриш мумкин бўлади.

“Табиатан бесўнақай одамлар ва смартфонларини доимо қўлларида ўйнаб турувчи одамларда бу ҳолат юз бериши хатари баланд”, деб айтди Мэтьюз.

Аввалроқ Motorola компанияси ўтказган тадқиқот натижасида 29 фоиз ишлатилаётган смартфонлар синган ёки дарз кетган экранга эга эканлиги аниқланганди.

Top