21:43 / 27.11.2015
7274

Тошкентда “Истеъдод” халқаро танлови бошланди

26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида юртимизда илк маротаба ўтказилаётган академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” халқаро танлови бошланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро танловда 10 дан ортиқ давлатдан (Франция, Корея Республикаси, Азербайжан, Туркия, Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон) ва юртимиздан 160 нафардан ортиқ иқтидорли ёш ижрочилар иштирок этишмоқда.
“Истеъдод” халқаро танлови 2 та босқичда фортепиано, торли чолғулар (скрипка, альт, виолончель, контрабас), эстрада хонандалиги ва анъанавий хонандалик йўналишларида бўлиб ўтмоқда.

Халқаро танлов дастурига кўра 26-27 ноябрь кунлари 1-2 босқичлар бўлиб ўтади. Танлов иштирокчилари учун 28 ноябрь куни қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилиб, шаҳардаги тарихий обидалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори асосида мамлакатимиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида олиб борилган ислоҳотлар билан яқиндан танишадилар. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти ва у ерда ёш иқтидор эгалари учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнларининг гувоҳи бўлишади.

Top