20:12 / 27.11.2015
6373

Тошкентда Терапевтик касалликларни ташхислаш ва даволашга бағишланган анжуман бошланди

27 ноябрь куни Тошкентдаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Терапевтик касалликлар диагностикаси, даволаш ва реабилитациясида янги технологиялар” мавзусига бағишланган республика илмий-амалий анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzMedInfo маркази ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худаяров кириш сўзи билан очиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, халқ фаровонлигини таъминлаш, касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон терапевтлар ассоциацияси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази (РИТ ва ТРИАТМ) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, РИТ ва ТРИАТМ ходимлари, тиббиёт соҳасида узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган олимлар, вилоятлардан ташриф буюрган кардиология, гастроэнтерология, пулмонология, ревматология, нефрология соҳаси мутахассислари, ёш тадқиқотчилар, шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирок этишмоқда.

Анжуманда қайд этилганидек, ҳозирда бошқа соҳалар каби тиббиётга ҳам янги технологиялар кириб келмоқда ва амалда қўлланилаётган ташхислаш ва даволаш усуллари самарадорлиги ошишига ёрдам бермоқда. Замонавий диагностиканинг асосий вазифаларидан бири касалликни клиник симптомлар, анамнез орқали аниқлашдан ташқари, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда аниқ ва тезкор ташхислаш ҳисобланади.

– Марказимиз аҳолига ички аъзолар касалликлари, хусусан, пулмонология, кардиология, гастроэнтерология ва ревматология йўналишлари бўйича ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази катта илмий ходими Дилором Раҳимова. – Ички касалликларни кечиктирмай, ўз вақтида аниқлаш ва беморларнинг меҳнатга лаёқатини тиклаш терапиянинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бугунги анжуманимиз ҳам айнан шу масалаларни муҳокама қилиш ва истиқболдаги режаларни белгилашга бағишланган. Мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассисларнинг соҳага доир маърузалари республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган амалиётдаги шифокорлар ва ёш олимлар учун янгиликларга бой бўлди.

– Юқори савияда ташкил этилган бугунги анжуман ички касалликларни ташхислаш ва даволаш стандартларини янада мукаммаллаштириш, муолажа самарадорлигининг ошишига хизмат қилади, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасининг пулмонолог шифокори Дилбар Шакирова. – Ҳозирда аллергик касалликларни даволаш, бактериал инфекциялар терапияси, бронхиал астма, ўпка гипертензияси аллергология ва пулмонологиянинг ўта долзар масалаларидан ҳисобланади. Анжуманнинг пулмонология секциясида айнан мазкур мавзуларга бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтди. Бугунги илмий-амалий анжумандан олган янги билим ва кўникмаларимизни Самарқанд вилоятида кенг татбиқ этишни режалаштирмоқдамиз.

Анжуман доирасида, шунингдек, ички касалликларни даволаш ва олдини олишга кўмаклашувчи замонавий дори воситалари, янги инновацион технологиялар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Пленар йиғилишдан сўнг илмий-амалий анжуман кардиология, гастроэнтерология, пулмонология, ревмотология ва нефрология секцияларида давом этди.

Анжуман 28 ноябрь куни “Трипликсам – ҳаёт учун иттифоқ”, “Артериал гипертензия: органопротекцияга урғу”, Ўзбекистон Республикаси гастроэнтерологларининг XIV миллий мактаби ҳамда пулмонологлар ва ревматологлар мактаблари йўналишларида сталлет симпозиумлар кўринишида давом этади.

Тадбир якунида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош консультантлари ва ҳудудлар бош терапевтларининг терапевтик хизмат бўйича 2015 йил ҳисоботи ҳамда Ўзбекистон терапевтлар ассоциацияси ижрочи директорининг ҳисоботи тингланади ва илмий-амалий анжуман резолюцияси қабул қилинади.

Top