09:45 / 28.11.2015
2406

Осиё футбол конфедерацияси ФИФА президенти сайловларида ОФК президенти шайх Салмон номзодини қўллаб-қувватлайди

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ФИФА президенти сайловларида ОФК президенти шайх Салмон ибн Иброҳим ал-Ҳалифа номзодини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда AP агентлиги маълум қилди. Бу қарор 27 ноябрда бўлиб ўтган ОФК ижроия қўмитаси йиғилишида қабул қилинди.

Аввалроқ ФИФА президенти номзодига яна бир номзод – УЕФА бош котиби Жанни Инфантино Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақидаги ваъдасини олди.

ФИФА президенти сайловлари 2016 йил 26 февралда ташкилотнинг навбатдан ташқари конгрессида ўтказилади. ФИФА ижроия қўмитаси 12 ноябрда сайловларда иштирок этадиган 5 номзод номини тасдиқлади. Улар: шайх Салмон ибн Иброҳим ал-Ҳалифа, УЕФА бош котиби Жанни Инфантино, Иордания шаҳзодаси Али ибн ал-Ҳусайн, ФИФА бош котибининг собиқ ўринбосари француз Жером Шампань, ЖАРнинг собиқ уй-жой қурилиши вазири ва Нельсон Манделанинг сафдоши Токио Сексвале.

Ушбу рўйхатга сайловларда қатнашиш учун ариза топширган УЕФА президенти Мишель Платини киритилмади. ФИФА ижроия қўмитаси 90 кунга футбол фаолиятидан четлатилган француз номзодини ундан барча санкциялар олинмагунча кўриб чиқмайди.

ФИФА президентлигидан вақтинчалик четлатилган Йозеф Блаттер вазифасини ҳозирда Африка футбол конфедерацияси президенти, камерунлик Исса Ҳаяту вақтинчалик бажармоқда.

Top