09:27 / 30.11.2015
4060

Туркия бош вазири: ЕИга қўшилиш жараёни тезлашмоқда

Туркия бош вазири Аҳмад Давутўғли ЕИ-Туркия саммити якунлари бўйича унинг мамлакати ва Еврокенгаш Туркиянинг ЕИ таркибига кириши жараёнини тезлатиш учун йилига икки маротабадан саммит ўтказишини маълум қилди, дея хабар бермоқда РИА “Новости”.

“Биз ҳар йили икки мартадан саммит ўтказиш, қўшилиш жараёнини тезлатишга келишиб олдик. ЕИ билан визасиз тартиб масаласи бўйича календарь белгилаб олинди. Мартда (2016 йил) биринчи ҳисобот, июнда — муҳожирларни ортга қайтариш тўғрисидаги келишув, октябрда эса визасиз тартиб кучга киради. Бунинг учун биз ва Еврокенгаш томонидан қилинадиган ишлар бор”, - деди у.

Давутўғли ЕИ томонидан ажратилган 3 миллиард евро Туркия эмас, балки қочқинларга сарфланишини маълум қилди.
“Бизнинг якуний мақсадимиз одам савдоси ҳамда қочқинларга нисбатан жиноятлар йўлини кесиш, шунингдек, Европага йўл олган муҳожирлар сонини қисқартиришдан иборат”, - дея қайд этди бош вазир.

Саммитда ЕИ ва Туркия раҳбарлари томонидан Анқара томонидан таклиф этилган визасиз тартиб, молиявий кўмак ҳамда миграцион инқирозни ҳал этишда кўмаклашиш ҳисобига ЕИга қўшилиш борасидаги музокараларни қайта жонлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Top