19:57 / 30.11.2015
9482

Туркманистон президенти яратган қўшиқ Гиннесс рекордлар китобига киритилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов томонидан яратилган “Олға, олға, фақат олға, севимли ватаним – Туркманистон” қўшиғини бутун зал, яъни 4 мингдан кўпроқ одам туриб ижро этди. Бу ҳолат жаҳон рекорди сифатида Гиннесс рекордлар китобида қайд этилди. Бу ҳақда Туркманистон телевидениеси маълум қилди.

Қўшиқнинг матни ва мусиқасини Бердимухамедовнинг ўзи ёзган. Қўшиқ 2015 йилда Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) томондан 2015 йилда турк дунёсининг маданий маркази деб эълон қилинган Туркманистоннинг Мари шаҳридаги концертда ижро этилди. Мари томонидан бу миссиянинг якунланишига бағишланган концерт айнан шу тадбир учун улкан ўтов кўринишида махсус қурилган янги концерт залида бўлиб ўтди.

ТУРКСОЙга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этган бу концерт якунида Бердимухамедовнинг қўшиғи ижро этилди. Қўшиқчилар билан бирга бу қўшиқни саҳнада ўрнатилган монитордан Туркманистон президентининг ўзи ҳам ёзувда куйлади.

Ижрочилар билан бирга бутун зал ҳам ўрнидан турганча қўшиқни куйлади. Концертда бўлган Гиннесс рекордлар китоби вакили Шайд Субаши-Гамижийнинг айтишича, бу ҳолат рекорд сифатида қайд этилди. Субаши-Гамижий Туркманистон президентига ажойиб асар яратгани учун миннатдорчилик билдирди ва олқишлар остида Туркманистон томонига рекорд ўрнатилгани ҳақидаги тегишли сертификатни топширди.

Top