10:03 / 01.12.2015
42752

Самарқандда шифокорлар айби билан комага тушиб қолган ёш она 4 ойдан буён ҳушига келгани йўқ

Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилоятидан мактуб келди. Эътиборингизга мазкур хатнинг тўлиқ матнини ҳавола этмоқдамиз. Умид қиламизки, тегишли мутасадди ташкилотларнинг республика даражасидаги раҳбарлари ушбу ҳолат бўйича назоратни шахсан зиммасига олиб, тўрт ойдан буён давом этиб келаётган муаммога ечим топишади.
“Аслида бу ҳақда ёзиш, хотирлаш, ўтган кунларни кўз олдимизга келтириш биз учун жуда оғир. Биз ҳам майли, мана, беш ойдирки, жону тани азобда ётган 24 ёшли синглимга эса...

Воқеани қисқача баён эта қолай. Синглим Усанбоева Муборак (26.06.1991 йилда туғилган) шу йил 3 июль куни биринчи фарзандини дунёга келтириш учун Самарқанд вилояти Жомбой тумани марказий шифохонасининг туғруқ бўлимига ўз оёғи билан юриб, одатий тўлғоқ билан боради. Бир кун туғолмай азоб чекади. Эртасига 4 июль куни шифокорлар “Ҳомила боши она чаноғига диспропортцияси, йирик ҳомила” ташхиси билан соат 13:20да шошилинч равишда операцияга олишади.

Кесарча кесиш вақтида синглимнинг ўпкаси тешилади ва комага тушади. Буни биринчи шифокорлар “Лидокаин перепаратига реакция” деб, кейин “Ўпкага сув кетиб қолибди”, ундан сўнг “Ўпкаси асли касал бўлган”, охири эса “Буллёз касаллиги” дея изоҳлашди.

Хўп, синглимнинг ўпкаси касал экан, нега улар операциядан аввал чора кўришмади? Нима учун зарур текширувлардан ўтказишмади? Нега шошилинч операция қилишди? Ваҳоланки, синглим туғруқхонага бир кун олдин келганди-ку! (Қон ёки сув кетиб келган бўлса эканки, шошилинч операцияга олишса!)

Синглимнинг ўпкаси касал эмаслиги кўп ўтмай исботланди. (Бу шундоқ ҳам маълум эди. Чунки синглим спортчи бўлган). Ўпкасининг рентген қоғозларини Самарқанд вилояти сил касалликлари шифохонасига аниқлик киритиш учун Жомбой тумани шифохонаси шифокорларининг ўзлари юборишди. У ерда “Ҳеч қандай касаллик аломатлари йўқ, ўпка зўриққан”, деган хулосани беришган.

Ўшанда бизни ҳеч қанақа хулоса қизиқтирган эмас. Фақат синглимни асраб қолишни ўйлаганмиз. Синглимнинг ҳолатида ҳеч қанақа ўзгариш бўлавермагани боис, биз Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бош бошқармасига мурожаат қилдик.

Хуллас, синглим 27 июлга қадар сунъий нафас берувчи аппарат орқали яшаб турди. Аста-секин ўзи нафас олди. Аммо ҳамон ўзига келмасди. Охири “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бош бошқармаси бошлиғининг таклифи билан синглимни 5 август куни Самарқанд шаҳар шифохонасига кўчирдик.

Соғлом вақтида

Туғруқдан кейин

Самарқанд шаҳар шифохонасида ўндан ошиқ малакали шифокорлар иштирокида консилиум ўтказилди ва синглимга “апалик синдром” (Бош мия пўстлоғи функциясининг бузилиши натижасида келиб чиқадиган инсон ҳолати бўлиб, ҳис этиш функциясининг йўқолиши ҳамда барча нарсага нисбатан сезувчанликнинг йўлиши билан характерланади. – Kun.uz изоҳи) деган ташхис қўйилди.

Лекин Жомбой тумани шифокорларининг бизга “18 кунда ўзига келади", "21 кунда ўзига келади", "Бир ойда ўзига келиши мумкин”, деган алдовларига ишониб юрганимиз сабабли синглиминг ҳолати ўнгланишига умид қилардик.

Аммо “апалик синдром” нималигини билгач, жим туролмадик ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (27.08.15да) ҳамда Самарқанд вилояти Ички ишлар бош бошқармасига (24.08.15да) шикоят аризаси билан мурожаат қилдик. Айнан бу жойларга ёзишимизда тезроқ сабаб аниқланиб, тезроқ чора кўрилармикан, деган мақсад бор эди.

Афсуски, мана бугун сана 1 декабрь бўлди ҳамки, шикоят ариза билан мурожаат қилган онам на бир энлик жавоб хати олди, на бирорта гап.

Билганимиз, хатни кўриб чиқиш ҳақидаги мактуб Булунғурга — ўзимизнинг участка нозиримизга борган (аслида ҳудудийлиги жиҳатидан Жомбой туманига юборилиши лозим эди) ва онам тушунтириш хати ёзиб берган.

Аммо ҳамон бирор хат-хабар, натижа йўқлиги боис, мен 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВга телефон қилдим. Улар хат Самарқандга юборилганини айтишди. Ўша куниёқ СамИИББ билан боғландим. Улар “Жавоб хати келган. Ўзимиз қўнғироқ қилиб айтамиз”, дея телефон рақамимни олиб қолишди. Уч кун кутдим ва 19 ноябрь куни яна боғландим. “Сизга ижрочининг ўзи хабар беради, телефон рақамингизни қолдиринг”, дейишди яна.

Кута-кута тўрт кун ўтгач, тағин телефон қилдим. Яна ўша гап...
Охири 27 ноябрь куни соат 10:22да СамИИББ ишонч телефонига (233-00-00) қўнғироқ қилиб, вазиятни батафсил тушунтирдим. Буни қарангки, яна телефон рақамимни сўраб, хабар беришларини билдиришди.
Мана, ҳамон улардан қўнғироқ кутяпман...

Айтмоқчи бўлганим, беш ой аввал комага тушган ва ҳамон тўлиқ ўзига келмаган, ногирон бўлиб қолган синглимнинг тақдири билан боғлиқ шикоят аризаси ҳамон кўриб чиқилиб, бизга бирор хабар айтилмади. Синглимнинг ҳуши ўзида эмаслиги ва гапира олмаслиги сабабли, ариза онам томонидан ёзилган, кўрганлар бефарқ бўлмасин, деган ниятда суратларини ҳам илова қилганмиз.

Наҳотки, фуқароларнинг мурожаатлар шунчалик узо-о-о-о-қ (4 ой) кўрилади? Шу қадар бефарқлик билан қараладими, ё? Мурожаатлар узоғи билан бир ой муддатда кўриб чиқилмасмиди? (ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА ҚОНУНИ, III-БОБ, 17-18-МОДДАЛАР)

Наҳотки, “Кексаларни эъзозлаш йили”да, кексаларга юксак эътибор қаратилаётган бир даврда бир кекса онахоннинг кўзларида ёш билан ёзган аризасига шу тарзда муносабат билдирилади?
Биз қонун устувор юртда яшамаяпмизми? Айнан биз мурожаат қилган ташкилот бу борада ўрнак бўлиши лозим эмасми?
Наҳотки, туғруқхонага ўз оёғи билан бориб, ногирон бўлиб чиққан ёш она тақдири ҳеч кимни қизиқтирмайди? Онасининг ҳолати сабаб, ҳам она сутидан, ҳам меҳридан мосуво ўсаётган гўдак тақдир-чи?

Юртимизда айнан она ва болага катта эътибор қаратилаётган, уларнинг саломатлиги учун барча шарт-шароитлар яратилаётган бир пайтда, ушбу олиб борилаётган ислоҳотларга қарши қадам қўйиш эмасми, бу?

Юртбошимиз айнан она ва бола тақдирига бефарқ бўлмаслик ҳақида мустақилликка эришганимиздан буён куйиниб гапириб келмаяптими?

Бунинг бир намунасини 1999 йил — “Аёллар йили”, 2000 йил — “Соғлом авлод йили”, 2001 йил — “Оналар ва болалар йили”, 2010 йил — “Баркамол авлод йили”, 2014 йил — “Соғлом бола йили” деб эълон қилишида ҳам кўриш мумкин-ку, ахир!

Энди ўйлаб қаранг, биргина синглим тақдири мисолида бу ислоҳот ва эътиборлар оёқости қилинмаяптими?
Чунки лоқайдлик, ўз вазифасига масъулиятсизлик туфайли бугун 24 ёшли ёш она ва унинг 5 ойлик фарзанди тақдири билан боғлиқ аризага ҳамон бирор хулоса берилмаяпти. Не умидларда мурожаат қилган кекса онахоннинг оҳу фарёдларига эса қулоқ тутилмаяпти.

Бу муносабатлардан кейин яна қайси ташкилотнинг эшигини ишонч билан тақиллатиш мумкин?
Шикоят аризамиз кўриладими-йўқми, ҳақиқат қандай қарор топади, мен буни билмайман. Аммо мен билган ҳақиқат шу: синглим туғруқхонага ўз оёғи билан соғлом кириб борган ва соғлом 4,7 кг. болани дунёга келтирган! Шифохонадан эса ногирон бўлиб чиқди: ўтиролмайди, юролмайди, гапира олмайди, фикрлай олмайди, ҳатто ўзи овқатлана олмайди ҳам! Мана шу — ҲАҚИҚАТ!

Тасодифан интернет саҳифаларида кўриб қолдим. Донорлар ўз тана аъзоларини (битта буйраги, жигарининг маълум қисми) 380.000-400.000 у.е. га баҳолашаркан.
Хўш, синглимнинг ишлаб турган қўл-оёғи қиймати қанча эди? Операция чоғида тешилган ўпкасининг баҳоси-чи? Мияси, онги-чи? Забони-чи?
Инсонни ҳайвондан фарқлаб турувчи онгнинг баҳоси қанча бўларкан? Баҳоси бормикан, ўзи?

Кома туфайли онгу шууридан айрилган инсон ҳаёти қанчага баҳоланади?
Она сутининг нархи борми? Меҳрининг-чи? Ахир айнан операциядан сўнг бугун синглимнинг гўдаги мана шу икки бебаҳо неъматдан мосуво ўсяпти-ку!
Буларнинг ҳаммаси учун ким жавоб беради?

Мен янаям, фарзанди ва рафиқаси аҳволидан руҳий зарба олган куёвимиз, қизи ва невараси ҳолидан эзилаётган кекса онам ва синглимнинг қайнонаси ҳолидан гапирмадим...

Наргиза УСАНБОЕВА,
Самарқанд вилояти Жомбой тумани
Top