09:31 / 05.12.2015
7866

Бағдод Туркия ҳарбийлари ўз ҳудудидан зудлик билан чиқиб кетишини талаб қилди

Ироқ ҳукумати туркиялик ҳарбийлар мамлакат ҳудудидан зудлик билан чиқиб кетишини талаб қилди. Рейтер агентлигида хабар берилишича, Ироқ бош вазири офисидагилар мамлакат шимолида "бир батальон пайдо" бўлиб, Ироқ суверенитетини бузганидан хабардор бўлишган.

Ироқ ТИВ маълумотида айтилишича, мамлакат ҳудудидаги ҳар қандай ҳарбий амалиёт Ироқ ҳукумати розилиги билан амалга оширилиши керак. Маҳаллий телевидениеда қилинган мурожаатда бу ҳодиса "мамлакат ҳудудига хориж армияси бостириб кириши" сифатида қабул қилиниши мумкинлиги айтилган.

Бундан олдинроқ, Туркия ҳарбийлари Ироқ шимолидаги Мосул шаҳри яқинида ИШИДга қарши кураш доирасида ҳарбий машғулот ўтказишни бошлагани хабар қилинганди. Мосул 2014 йилнинг ёзидан буён ИШИД қўлида қолмоқда.

Туркия томони бу машғулотлар орқали курдларнинг ИШИДга қарши курашаётган ҳарбий бўлинмалари ҳарбий тайёргарликдан ўтказилиши ҳақида айтган.

Пентагон ҳам бу ҳодисага ўз муносабатини билдирган ва Туркиянинг ҳаракати АҚШ бошчилигидаги коалиция доирасидан ташқарида эканини маълум қилган.

Top