23:07 / 06.12.2015
4372

Ўзбекистонда 2016 йилда 992,7 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи йиғилишида 2016 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури кўриб чиқилди ва маъқулланди. Ушбу дастурда аҳолини иш билан таъминлашнинг янги методларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Жумладан, сайёҳлик тармоғида сайёҳларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида экосайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ҳисобига 10 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. 

Умуман дастурга кўра 2016 йилда 992,7 минг кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган, улардан 511,5 минг нафарини таълим муассасалари битирувчилари ташкил қилади.

Аниқроқ айтиладиган бўлса:
- 397 минг иш ўрни янги корхоналарни яратиш дастурини амалга ошириш ҳамда мавжуд корхоналарни қайта жиҳозлаш ва янги маҳсулот ишлаб чиқариш учун модернизациялаш ҳисобига;
- 338 минг иш ўрни кичик корхона, микрофирма ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига;
- 143 минг иш ўрни касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига;
- 114 минг иш ўрни фермер хўжаликларини ривожлантириш ва кенгайтириш ҳисобига яратилади.

Дастурда алоҳида эътибор Бандликка қўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига фуқароларни қайта тайёрлаш ва ўргатишга қаратилган. Кейинги йилда бу йўналишда 20 мингдан кўпроқ одамни ишга жойлаш билан ўқитиш ва қайта тайёрлаш режалаштирилган. Бунга бандликка кўмаклашиш марказлари ҳисобига эришилади. Бу марказлар мутахассислари корхоналарда энг талаб катта бўлган мутахассисликларни аниқлаб, айнан шу йўналишлар бўйича иш изловчиларни ўқитишади.

Top