00:10 / 07.12.2015
3960

Ўзбекистонда миокард инфарктидан ўлиш даражаси 10 фоизга камайди

2015 йилга келиб Ўзбекистонда ўткир миокард инфарктидан ўлиш даражасини 10 фоизга камайтириш бўйича кўрсаткичларга эришилди, деб хабар берди “Sputnik Узбекистан” нашри мухбирига Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба.

Манбанинг айтишича, бунга охирги 10 йил ичида мамлакатда кардиология хизмати ягона тармоғини яратиш, шошилинч тиббий ёрдам тизими, амалиётга ташхислаш ва даволашнинг замонавий стандартларини босқичма-босқич татбиқ қилишга йўналтирилган дастурларни амалга ошириш доирасида эришилди.

Бундан ташқари, қабул қилинган дастурлар доирасида амалиётга болаларга аввалгидек 3 ёшдан эмас, балки уларнинг туғилишиданоқ кардиожарроҳлик ёрдами кўрсатиш татбиқ қилинди. Мос равишда, бу касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва эрта босқичда даволашга имкон берди.

Манбанинг айтишича, бугунги кунда ўзбек кардиологлари Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Италия, Франция ва бошқа давлатлардаги ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар. Ўзбек шифокорлари улар иштирокида операциялар, кардиожарроҳликнинг долзарб муаммолари бўйича илмий анжуманлар ўтказиб, тажриба алмашмоқдалар, уларнинг энг яхши жиҳатларини ўзлаштирмоқдалар.

Бу ҳамкорлик доирасида мамлакатимиз олимлари юрак-қон томирлари касалликлари ва болаларда туғма юрак нуқсонларини даволашнинг янги усулларини ўзлаштириб олдилар ва улардан амалиётда самарали фойдаланмоқдалар.

Юрак касалликларини даволашда яна бир муваффақиятлардан бири тиббиёт муассасаларида жаҳон стандартларига жавоб берувчи замонавий ускуналарнинг мавжудлиги ҳисобланади. Бундан ташқари, амалиётга ташхислаш ва даволашнинг юқори технологик методлари жорий қилинган. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида охирги 5 йил ичида ангиографик қурилма билан жиҳозланган рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими ташкил этилган.

Айни пайтда марказда коронароангиография усули – юрак томирларининг торайган қисмларини аниқлаб, уларга стентлар ўрнатиш амалиёти ўтказилмоқда. Ҳар йили марказда даволашнинг бу усули минглаб касалларни даволашда қўлланади. Бу усул эвазига юракнинг энг хавфли касаллиги – миокард инфарктининг авж олиши олди олинади.

Top