00:55 / 08.12.2015
2745

АҚШ вице-президенти Байден Украинага бешинчи бор ташриф буюрди

Киевга ташриф буюрган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Украина президенти Пётр Порошенко билан ўзининг рафиқасидан кўпроқ мулоқот қилишини тан олди. Байден Украина келгусида ҳам АҚШ раҳбариятнинг диққат-эътиборида қолишига ваъда берди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.

“Биз, эҳтимол Порошенко билан минг соатдан кўпроқ телефонда суҳбатлашган бўлсак керак”, деб айтди Байден Порошенко билан бирга берган матбуот-анжуманида.

Байден Вашингтон Киевга 190 млн доллар миқдорида қўшимча молиявий кўмак ажратишини маълум қилди. Шу тариқа, Байденнинг айтишича, АҚШнинг Украинадаги раҳбариятнинг ўзгаришидан кейин Украинага ажратган ёрдами 760 млн долларни ташкил қилади.

Шу билан бирга Байден Киевни Халқаро валюта жамғармаси олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажаришга чақирди.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг хабар беришича, Байден Украина халқи ва ҳукуматига “анчадан буён Украина тараққиётни тўхтатаётган” коррупцияга қарши курашда бирлашиш таклифи билан мурожаат қилди.

Байден 7 декабрда Киевга икки кунлик ташриф билан келди. 8 декабрда Байден Олий радада нутқ сўзлаши режалаштирилган. Бу ташриф Байденнинг Украинага бешинчи ташрифидир.

Top