14:19 / 09.12.2015
4589

Чикагода “Палов куни” нишонланди

Якшанба, 6 декабрь куни Чикаго ўзбек жамиятида “Палов куни” нишонланди. Байрамда турли миллат вакиллари иштирок этди. Озарбайжонлик, америкаликлар, латвиялик, қирғизлар, қозоқлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари бир дастурхон атрофида жам бўлишди.

Чикаго ўзбек-Америка ассоциацияси вице-президенти Фаррухбек Шамсутдинов ўз нутқи билан тадбирни очиб берди.
Ташриф буюрганларга 7 хилдаги палов тортилди. Тадбир иштирокчилари Тошкент, Наманган, Бухоро, Ўш, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё палови мазасидан тотиб кўриш имконига эга бўлишди. Хуштаъм паловларга бедана тухуми, каваток янада маза киритди.

“Палов куни” тадбири доирасида палов тарихи ҳамда ўзбек ошининг тайёрланиш усуллари ҳақида монолог, ушбу миллий таом тўғрисидаги мақоллар айтиш беллашуви, сабзи тўғраш мусобақаси, шунингдек, Чикаго Ўзбек мактаби ўқувчилари иштирокида ўзбек миллий либослари кўргазмаси (Fashion Show) ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида меҳмонлар ортиб қолган паловни ўзлари билан олиб кетишгани тайёрланган таомнинг барчага манзур бўлганидан далолат беради.
Халқимизда “Ўзбекни палов бирлаштиради”, деган нақл бор. Чикагода бўлиб ўтган тадбир эса ош нафақат ўзбекларни, балки барча миллат вакилларини бир ерга жам қила олиши мумкинлигини кўрсатди.

Top