23:11 / 09.12.2015
4619

Довудўғлу: Ироққа қўшинлар олиб кирилиши – тажовуз эмас, балки қўллаб-қувватлаш ҳаракатидир

Туркия бош вазири Ахмет Довудўғлу турк қўшинларининг Ироққа олиб кирилишини тажовуз эмас, балки қўллаб-қувватлаш ҳаракатидир, деб айтди.

Довудўғлунинг айтишича, Ироқдаги турк ҳарбий инструкторларига ИШИД жангарилари хавф солган. “Бу хавф ошганда, биз қўшинларимизни бу лагерни қўриқлаш учун юбордик, бу тажовуз эмас, балки қўллаб-қувватлаш ҳаракати бўлди”, деб Довудўғлунинг айтган сўзларини келтириб ўтди Reuters ахборот агентлиги.

Ироқ ҳукумати маълумотларига кўра, 4 декабрда турк танк батальони Ироқнинг Найнаво вилоятига жангарилар билан курашаётган курд халқ отрядлари жангчиларини тайёрлаш важи билан кирди. Ироқ ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари турк ҳарбийларининг Ироққа киришини мамлакат ҳукумати билан келишилмаган “душманлик ҳаракати” деб атади.

Ўз навбатида Туркия Ироққа қўшинларнинг юборилишини Найнаво вилоятидаги машғулот лагерларида халқ кўнгилли жангчиларини ўқитаётган турк ҳарбий инструкторларини қўриқлаш зарурати билан тушунтирмоқда.

Top