22:07 / 09.12.2015
2944

Европа Иттифоқи компанияларида малака ошириш дастурига аризалар қабул қилиниши давом этмоқда

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Бошқарув кардрларни тайёрлаш дастури (MTP) –Ўзбекистонда кичик бизнес корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи корхоналарида Ўзбекистондаги кичик бизнес корхоналари менежерлари малакасини ошириш учун аризалар қабул қилишини эълон қилади. Малака ошириш Европа Иттифоқининг 28 мамлакатидаги корхоналарда амалга оширилиб, улар ўзаро келишув асосида иштирокчилар ёки лойиҳа томонидан танланиши мумкин.

Бошқарув кадрларни тайёрлаш дастури лойиҳасининг асосий мақсади Ўзбекистонда кичик бизнесни самарали бошқариш ва унинг узоқ келажакдаги барқарор ривожланишини таъминлашга қодир малакали ва салоҳиятли тадбиркор ҳамда менежерлар сонини кўпайтиришдир. Шу билан бирга, ўзбекистонлик менежерларнинг бошқарув кўникмасини ошириш, уларни бизнесни бошқариш ва юритишнинг замонавий усулларига ўқитиш, Европа Иттифоқи ва мамлакатимиз компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.

Лойиҳа тренинг ва малака оширишларда иштирок этиш танланган иштирокчилар учун бепул амалга оширилади. Транспорт билан боғлиқ барча харажатлар (авиачипта учун 400 евро миқдоридаги шахсий тўловдан ташқари), Европа Иттифоқи мамлакатларида жойлаштириш, визалар, суғурта лойиҳа маблағлари эвазига қопланади.

Барча талабларга жавоб берадиган кичик бизнес корхоналари ва уларнинг раҳбарлари (менежерлари) малака ошириш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга.

Номзодлар ўз аризасида малака ошириш сафарида иштирок этишдан кўзланган мақсадни ҳамда бу унинг ва корхонаси ривожига қандай ижобий таъсир кўрсатишини аниқ қайд этиши лозим.

Кичик бизнес корхоналари ва уларнинг раҳбарлари (менежерлари) учун талаблар ва керакли ҳужжатлар ҳамда янгиликлар лойиҳанинг веб-саҳифаси (www.mtpeu.uz) ҳамда Facebook саҳифасида (https://www.facebook.com/mtpeu) батафсил кўрсатилган.

Номзодларнинг аризалари 2015 йилнинг 17 декабригача қабул қилинади. Аризанинг онлайн шакли лойиҳанинг веб-саҳифасида жойлаштирилган.

Изоҳ: танлов жараёни гендер тенглиги масаласини ҳисобга олган ҳолда камида 20 фоиз аёл номзодларни танлаб олишни кўзда тутади.

Қўшимча маълумотлар учун:
Григориос Контзоглу, БКТД (MTP) лойиҳаси бошлиғи

Манзил: Тошкент шаҳри, 100047,
Амир Темур кўчаси, 4-уй.
Телефон: (998 71) 233 5901.
Факс: (998 71) 233 6406.
E-mail: mtp@.mtpeu.uz
Veb-sahifa: www.mtpeu.uz

Top