17:48 / 09.12.2015
8552

Hyundai компанияси ўзининг энг ҳашаматли моделини тақдим этди

Hyundai компанияси Genesis премиал суббрендининг биринчи модели бўлган G90 седанини тақдим этди. Жанубий Кореяда компаниянинг мазкур ҳашаматли модели EQ900 номи остида сотилади.

Моделнинг ташқи кўриниши Hyundai’нинг янги дизайнерлик бўлинмаси Prestige Design Division томонидан ишлаб чиқилган. Genesis G90 ташқи кўринишини яратиш жараёнини шахсан Петер Шрайер бошқариб борди.

G90нинг габарит узунлиги 5 205 мм, кенглиги 1 915 мм, баландлиги 1 495 мм ни ташкил қилади. Моделнинг ғилдирак базаси 3 160 мм га тенг. Седан охирги авлод BMW 7-Series’дан 107 мм га узунроқ, 13 мм га кенгроқ ва 28 мм га баландроқдир. Ғилдирак базасидаги фарқ G90 фойдасига 90 мм дир.

G90 учта бензин двигатели билан жиҳозланиши мумкин. Улардан бири Hyundai твин-турбо моторидир. 6 цилиндрли V турбомоторнинг қуввати 370 от кучини ташкил қилади. Қолган атмосферали двигателларнинг ишчи ҳажми 3.8 (V6) ва 5.0 (V8) л ни, қуввати эса 315 ва 425 от кучини ташкил қилади.

Барча моторлар 8 диапазонли ўтказмалар қутиси билан уйғунликда ишлайди. Седаннинг энг кучли версияси 100 км/соат тезликка 5.7 секундда кўтарилади. Турбомоторли вариантда бу кўрсаткич 6.2 секундга тенг.

G90 айлана кузатиш тизими, 12.3 дюймли экранга эга мультимедиа тизими, Lexicon аудиотизими, шунингдек, 14 хил бошқариш вариацияларига эга орқа ўриндиқ электр узатмаси билан жиҳозланган. Бундан ташқари, Жанубий Кореяда машина магистралларда автоном бошқариш тизими билан таъминланади.

2020 йилга қадар Genesis суббренди остида чиққан моделлар сони 6тага етиши айтилмоқда. Улар G80, G70 ва ҳоказо номларга эга бўлади.

 

Top