15:21 / 09.12.2015
3439

Суғурта мукофотларининг 52 фоизи Тошкентда тўплангани айтилди

2015 йилнинг январь-сентябрь ойлари орасида суғурта мукофотларининг 52 фоизи Тошкентда тўпланган. Буни молия вазирлигининг маълумотлари кўрсатмоқда.
Айтилишича, ҳисобот даврида суғурта компаниялари Тошкент шаҳри ҳудудида 208.582 млрд сўм тўплаган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27.3 фоизга кўпроқдир. Тошкентнинг умумий суғурта ҳажмидаги улуши 52.34 фоизни ташкил қилди.

Тошкент вилояти 7.3 фоиз кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллади. Бу ерда тўпланган пул маблағлари 29.077 млрд сўмни ташкил қилди. Бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 25.3 фоизга кўпроқдир.
Учинчи ўринда бўлган Фарғона вилоятида ушбу кўрсаткичлар 5.52 фоиз ва 22.005 млрд сўмга тенгидир (ўтган йил уч чорагига нисбатан 15 фоизга кўпроқ).

Энг кам суғурта мукофотлари тўпланган вилоятлар қаторига Сирдарё (7.426 млрд сўм, ўсиш 44.5 фоиз), Навоий (7.889 млрд сўм, ўсиш 41.7 фоиз) ва Жиззах (8.789 млрд сўм, ўсиш 58.7 фоиз) кирди.
Ҳисобот даврида республика бўйлаб тўпланган суғурта пулларининг умумий ҳажми 398.494 млрд сўмни ташкил қилди. Бу 2014 йилнинг уч чорагига нисбатан 26.9 фоизга кўпдир.

Top