07:36 / 11.12.2015
19111

Ўзбекистонда баъзи одамлар терактлар тайёрланаётгани ҳақида тарқалган турли ёлғон-яшиқ маълумотларга ишониб қолишмоқда

Охирги кунларда Мисрда уриб туширилган Россия самолёти, Париждаги оммавий қотилликлар билан боғлиқ воқеалар  шак-шубҳасиз барчани бефарқ қолдирмади. 

Террорчиларнинг бу ваҳший қилмишларини инсониятга қарши жиноятдан бўлак бошқача ном билан атаб бўлмайди. Уларнинг оқибатлари у ёки бу даражада бутун дунёни ларзага солди.

“Terror” сўзининг лотинчадан таржимаси – қўрқув, даҳшат маъносини беради. Тараққий этган давлатларда бомба портлаши, самолёт олиб қочилиши қурбонига айланиш эҳтимоли тан олиш керакки, катта эмас. Бироқ террорчиларнинг бундан кўзлаган асосий мақсади – бутун давлат, бутун қитъа бундай терактлардан кейин хавфсираш асирига айланади, ўзини доимий хавф  остида сезади, хавотирини йўқотади.

Шунда терактлар жамиятдаги вазиятни беқарорлаштиради, ваҳима уйғотади.

Бу муаммони тадқиқ қилганларнинг таъкидлашича, террорчилар ўз ҳаракатлари оқибатида юзага келадиган жамиятдаги норозиликларга таянади, бу норозиликлардан кейин фуқаролар хавфсизлигини гўёки таъминлай олмаётган ҳуқуқ-тартибот муассасалари ва ҳокимият органларига айбловлар қўйилади. Ана ўшанда улар аҳолини қўрқув ва ишончсизликда ушлаб, вазиятни бошқармоқчи бўлади. Бундай вазиятда одамлар ташвиқот олдида заиф бўлиб қоладилар. Одам олинаётган маълумотга тўғри баҳо бера олмайди.

Ахборий террорчилик миш-мишларга таянади. Интернет ва смартфонлар асрида “ақлли” техника террорчиларга қўл келмоқда. Париждаги терактлардан кейин миш-мишлар бу техника ёрдамида бирданига кўплаб давлатларда тарқала бошлади. Петербург метросида бомбалар портлаши ҳақидаги миш-мишлар биргина бир парча қоғозга ёзилган ёзувларга асосланиб тарқатилди. Гўёки терактлар тайёрланаётгани ҳақидаги гапни бир аёл бошқасига айтган. Бу “хабар” миш-мишлар тарқатишдан ҳам тоймайдиган “LifeNews” телеканали орқали эфирга узатилгандан кейин, бошқа нуфузли каналлар орқали ҳам тарқатила бошлади. Худди шунга ўхшаш аноним тасдиқларга асосланган сохта хабарлар  Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида тарқаб кетди. Ижтимоий тармоқлар ва “WhatsApp” орқали қозоғистонликларга Остонада терактлар тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар кела бошлади. Одамларга кўчаларга чиқмаслик, янги йилни нишонламаслик, болаларни мактабга юбормаслик айтилди. Қозоғистон полицияси бу миш-мишлар ёлғон эканлигини айтиб, одамлар орасида юзага келган ваҳимани тинчлатди ва ҳозирда бу миш-мишлар тарқатувчиларини қидирмоқда.

Бундай хабарларни бошқаларга тарқатаётганлар ўз ҳаракатлари билан террорчиларга кўмак бераётганларини англашлари керак. Биринчидан, ваҳима солинади. Иккинчидан, ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига ҳақиқий террорчиларни қидиришларида халақит беради. Учинчидан, барча бундай хабарларга жавоб беришга мажбур бўлган тезкор гуруҳлар сохта воқеа жойига чиққанларида, уларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритмлари террорчиларга аён бўлиб қолади. Бу ахборот эса террорчиларга фақатгина қўл келади.

Тошкентдаги “МегаПланет” савдо маркази ва Олий Мажлис биносига ИШИДнинг қора байроқлари осиб кетилгани ҳақида миш-мишлар тарқатилди. Бу ёлғонларга ишонувчи одамлар ҳам топилди. Биз Тошкентда яшаб, парламент биносига кимдир ҳаттоки шунчаки яқинлашишга уриниб кўра олмаслиги, унинг ёнига шу заҳоти навбатчи милиционерлар югуриб келишини била туриб, шу ёлғон-яшиқларга ишониб юрибмиз. 

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда 17 ноябрда Боровский номидаги тиббиёт коллежи ёнида портловчи моддалар билан жиҳозланган “Нива” машинаси топилгани ҳақида миш-мишлар тарқатилди. Бу миш-миш бир ондаёқ ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб, уни баъзи интернет-ОАВлар “сенсация” ёрлиғи остида чоп этишди. Бунинг исботи сифатида ҳаттоки бир неча милиция машиналари тасвири бўлган суратларни ҳам чоп этишди.

Бироқ, ҳеч ким бу кўчада биттамас, иккитамас, балки ўнталаб махсус машиналар, юк машиналар туриши оддий ҳолат эканлигини эслатиб ўтишни жоиз деб ҳисобламади, чунки бу кўчада Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси жойлашган. Бу бошқарма автопарки ихтиёрида бу техниканинг барчаси бўлиб, улар баъзида гуруҳ бўлиб ҳаракатланади ва ана шу ҳолат суратларда акс этган.

Ижтимоий тармоқларда бундай уйдирмалар онгсизларча қабул қилинаверади, шунинг учун бу тармоқларда “миналаштирилган” машиналар, бино ва кутубхоналар ҳақидаги миш-мишлар деярли ҳар куни пайдо бўлмоқда. Баъзилар ҳаттоки “уйда қолиш хавфсизмикин?”, дея ўзларига савол бера бошладилар.

Уларга биргина жавоб бериш мумкин, хавфсиз эмас! Чунки баъзи одамлар уйларида биқиниб олиб, навбатдаги миш-мишни тарқатиш учун интернетда турли ёлғон-яшиқ хабарларни қидириш билан машғуллар.

Сўзимизнинг интиҳосида шуни айтмоқчимизки, огоҳлик бугунги кун талаби, лекин турли уйдирма, ёлғон маълумотларни бирор-бир ишончли далилларсиз “ҳазм қилиш”, уларни тарқатиб, одамлар орасида ваҳима, ғулғула солиш фаросатсизликдан бўлак нарса эмас.

Манба: Uz24.uz

Top