13:05 / 12.12.2015
3262

Мухлислар «Лацио» жамоаси базаси эшиги олдида гўнг солинган қопларни қолдириб кетишди

«Лацио» жамоасининг юз нафарга яқин мухлиси жамоанинг машғулот базаси олдига келиб норозилик намойиши ўтказишди.

Улар жамоа раҳбариятини ҳақоратловчи бир қатор банерлар тайёрлашган ҳамда ўзлари билан 10 қоп гўнг олиб келишган.

"Сиз бизни ахлатга ғарқ қилмоқчимисиз? Буни ўзингиз енг", деб ёзилган банерлардан бирида.

Яна бир банер орқали эса жамоа президенти Клаудио Лотито ҳақорат қилинган.

Қайд этиш керакки, римликлар Италия А сериясида охирги марта 28 октябрь куни ғалаба қилишганди ("Аталанта" устидан 2:1 ҳисобида). Айни вақтда жамоа 15 турдан кейин 19 очко тўплаган ҳолда 12 ўринда жойлашган (6 ғалаба, 1 дуранг ва 8 мағлубият).

16 тур учрашуви 14 декабрь куни "Сампдория"га қарши кечади.

Эслатиб ўтамиз, Рим шаҳрида яшовчи футбол мухлислари ўз жамоаларининг қониқарсиз натижаларига кескин муносабат билдиришлари билан ажралиб туришади. Ўтган ойда "Рома" жамоасининг мухлислари "Барселона"дан учралган 1:6 ҳисобидаги  мағлубиятдан кейин жамоа базасига 7та қути сабзи олиб келишган ва футболчиларни қуёнларга тенглаштиришганди.

Top