10:19 / 12.12.2015
14539

ОАВ: ИШИД Афғонистон шимолида янги база ташкил этмоқда

ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмалари мамлакат шимолидаги Боғлон вилоятида янги база ташкил этмоқда. Бу ҳақда “Пажвок” агентлиги маълумотига асосланиб ТАСС хабар қилган.

Манбанинг билдиришича, Боғлондаги Барак округига ҳар куни ўнлаб жанггарилар оилалари билан келиб жойлашишмоқда. Бу оилалар аввал “Толибон” ташкилоти тасарруфида бўлган, эндиликда ИШИД томонидан эгаллаб олинган ҳудудларга жойлашишмоқда.

Айни пайтга келиб, шундай туманлардан бири Тангида жангариларнинг 70дан ортиқ оилалари яшаётгани айтилган.

"Пажвок" хабарида айтилишича, вилоят ҳудудида қора байроқ ўрнатилган йўлтанламас машиналарнинг эркин ҳаракатланиб юрганини кўриш мумкин. Уларга “Толибон” ташкилотининг собиқ иттифоқчиси бўлган “Жундалла” гуруҳи вакиллари келиб қўшилган. Шунингдек, маҳаллий аҳолини оммавий равишда ИШИД таркибига жалб этиш ишлари олиб борилмоқда.

Афғонистон ҳуқуқ тартибот органлари маълумотига кўра, сўнгги ойларда ИШИД Афғонистон ҳудудида ўз фаоллигини оширган. Январь ойида ИШИД жангарилари “Хуросон амирлиги” номли минтақавий бўлинмани ташкил этгани ва унга Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ҳамда Бангладеш киришини, раҳбар этиб Хафиз Сайид Хон (покистонлик толибларнинг “Теҳрик-ва-толибон Покистон” ҳаракати собиқ дала қўмондонларидан бири) тайинлангани ҳақида хабар тарқатган.

Top