11:56 / 12.12.2015
9916

Серик Ахметовга ҳукмни кутиш вақтида суд биносининг иккинчи қавати фойесидаги аёл пастга қулаб тушди

Қарағанда шаҳрида Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Серик Ахметовни суд қилиш жараёни вақтида кўнгилсиз ҳодиса содир бўлди.

NUR.KZ мухбири хабарига кўра, собиқ бош вазирга ҳукм ўқилган бинода жуда кўп одам тўпланган ва бинонинг иккинчи қаватидаги тиқилинч туфайли фойедаги суянчиқ ўпирилиб, бир аёл ерга қулаб тушган. Уни "Тез ёрдам" машинаси олиб кетган.

Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Серик Ахметов коррупцияда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Суддан аввалроқ давлат прокурори суддан Ахметовни 12 йилга озодликдан маҳрум этишни ва унинг мол-мулкини мусодара қилишни сўраган эди.

Собиқ бош вазир ўзганинг мол-мулкини сарфлаб юбориш, ноқонуний равишда тадбиркорликда иштирок этиш, хизмат вазифасини суиистемол қилиш каби жиноятларда айбланган. Дастлаб Ахметов бюджет маблағларни ўзлаштиришда, катта миқдорда пора олишда ҳам айбланган эди. Аммо кейинчалик прокуратура пора олиш айбини олиб ташлади.

Судда собиқ бош вазир айбини тан олмади. Аммо у Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан ишончини оқлай олмагани, “хавотирга солгани” учун кечирим сўраган.

Ахметов билан бирга Қарағанда вилояти ва шаҳри собиқ раҳбарлари ҳам коррупцияда айбланиб суд қилинди. Жиноий иш 338 том бўлиб, 21 кишига нисбатан иш кўрилди. Ҳимоячи сифатида 50 нафар адвокат иш олиб борди.

Судланганларнинг давлатга келтирган жами зарари 2,6 миллиард танга деб баҳоланган.

Top