08:05 / 13.12.2015
6774

Ислом Каримов: Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлик стратегиясини қўллаб-қувватлайди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11-12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 12 декабрь куни бўлиб ўтди.

Президентимиз хорижий давлатлар раҳбарлари билан бирга Бетараф Туркманистон майдонига ташриф буюрди. Ушбу мамлакатнинг бетарафлиги тимсоли бўлган Бетарафлик монументи пойига гул қўйди.

1995 йил 12 декабрда Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми тан олингани тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси қабул қилинган.

Ушбу сананинг 20 йиллиги муносабати билан Ашхободда “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

“Аввало, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва туркман халқини миллий байрам – Туркманистон бетараф мамлакат деб эълон қилинганининг 20 йиллиги билан самимий табриклайман”, – деди Ислом Каримов.

Туркманистоннинг бетарафлик мақоми халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакат янги тарихида туб бурилиш қилган, давлат қурилишининг асосий босқичлари ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим воқеалардан биридир.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1995 йил 12 декабрда қабул қилинган «Туркманистоннинг доимий бетарафлиги» резолюцияси ўзига хос ноёб ҳужжатдир. Туркманистон БМТнинг ушбу резолюциясини мамлакатнинг Асосий қонунига киритиб, ўзининг бетарафлик мақомини конституциявий мустаҳкамлаган ягона давлатдир.

Шуни таъкидлаш керакки, деди Президентимиз, ушбу халқаро ҳуқуқий мақом асосини Туркманистоннинг тарихий, географик ва этномаданий хусусиятлари, авваламбор, туркман халқига хос бўлган тинчликпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва яхши қўшничилик каби азалий фазилатлар ташкил этади.

Туркман халқининг бундай фазилатларини ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшниси бўлган Ўзбекистон халқи яхши билади ва юксак қадрлайди. Бизнинг муносабатларимиз асрлар давомида вақт синовидан ўтган. Халқларимиз оғир кунларда бир-бирига елкадош бўлиб, қувончу шодликларни баҳам кўриб келган.

Давлатимиз раҳбари ўзбек ва туркман халқининг тарихи, тили, дини ва анъаналари бир, мақсадлари муштарак эканини алоҳида қайд этди.

Мазкур конференция Туркманистоннинг шу йиллар давомида босиб ўтган йўлини таҳлил этиш, сарҳисоб қилиш ва мамлакатнинг бугунги тараққиёт босқичлари ҳақида фикр юритиш имконини беради.

Бетарафлик мақоми нафақат Туркманистон халқининг узоқ муддатли манфаатларига, балки минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини исботлашнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман, деди Ислом Каримов.

Туркманистонни бетараф давлат сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қарор СССР парчалангандан сўнг, собиқ иттифоқнинг деярли барча республикалари ривожланишнинг мақбул йўлларини топиш, ўз мамлакати келажагини таъминлашнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бўйича изланаётган бир пайтда қабул қилинди.

Собиқ иттифоқ республикалари ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мустақил тараққиёт йўлини танлади.

Ёш ва мустақил Туркманистон учун бетарафлик мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ўзида мужассам этган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг ўзига хос шакли ва мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилди.

Туркманистоннинг доимий ижобий бетарафлик мақомига эга давлат сифатида замонавий ривожланиш даври бевосита Гурбангули Бердимуҳамедов номи билан боғлиқдир. У Президент лавозимида фаолиятини бошлагач, Туркманистоннинг бетарафлик мақоми сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиди, деди Президентимиз.

Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги бўйича вазмин ташқи сиёсат стратегиясини, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақамиз мамлакатларининг иқтисодий интеграциялашуви ва барқарор ривожланишига қаратилган ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

Туркманистоннинг амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини эълон қилган бетарафлик концепцияси бундан кейин ҳам мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, унинг миллий манфаатларини халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилишига ишонамиз, деди пировардида Ислом Каримов.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Бунда аввало икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин дўстлик, ишонч ва ҳурмат муҳим аҳамият касб этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Top