21:43 / 14.12.2015
13499

Эрдўған: "Учувчиларнинг хатоси" туфайли икки давлат муносабатлари ёмонлашиши керак эмас

"Кейинги 10-11 йилда мустаҳкамланиб борган Туркия-Россия муносабатлари Су-24 учувчиларининг бир хатоси туфайли аксинча тус олиб, совуқлашиши керак эмас", дейди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған.

"Биз бундай бўлишини истамагандик. Лекин учувчиларнинг хатоси туфайли мамлакат суверенитетига таҳдид пайдо бўлгач, бошқа иложимиз қолмаганди. Бу хатони россиялик учувчилар қилишди, улар диққатли бўлишмади ва Туркия томонидан билдирилган огоҳлантиришларни эшитишмади. Бу хато икки мамлакатнинг муносабатларига бу қадар жиддий таъсир кўрсатмаслиги керак эди", деган у Туркманистонга сафарини якунлаб, Анқарадаги аэропортга қўнганида қаршисидан чиққан журналистларга интервью бериши чоғида.

Унинг маълум қилишича, Ашхободдаги Халқаро конференция вақтида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов, Грузия президенти Георгий Маргвелашвили, Покистон бош вазири Навоз Шариф ва Эрон бош вазири ўринбосари Исҳоқ Жаҳонгири томонидан Анқара ва Москва муносабатлари бузилгани бўйича афсуслар билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Туркия муносабатлари Сурия осмонидаги Су-24 бомбардимончи самолёти турклар томонидан уриб туширилгач, совуқлашди. Су-24 самолёти учувчиси капитан Олег Пешков катапультадан кейин тирик қолган бўлсада, Латақия ҳудудидаги туркман жангчилари томонидан осмондалигидаёқ ўққа тутилгач, ҳалок бўлган. Иккинчи учувчи, капитан ёрдамчиси, штурман Константин Мурахтин эса қутқарилган. У Туркия чегараси бузилмаганини таъкидлаган ва турклар томонидан ҳеч қанақа огоҳлантириш сигналлари йўлланмагани ҳақида айтган.

Шундан сўнг, Россия президенти бу воқеани "орқадан зарба бериш" сифатида баҳолаган ҳамда Туркияга қарши иқтисодий санкциялар қўллаш ҳақидаги қарорини имзолаган.

Top