00:26 / 14.12.2015
9014

ТАПИ халқаро газ қувурининг туркман участкаси қурилишига старт берилди

2015 йил 13 декабрь куни Мари вилоятида ТАПИ номини олган йирик минтақавий лойиҳа – Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон халқаро газ қувурининг туркман участкаси қурилиши бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Бу ҳақда 12news.uz янгиликлар агентлиги мухбири Шуҳрат Орипов kun.uz cайтига хабар берди.

Маросимда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Гани, Ҳиндистон Республикаси вице-президенти Муҳаммад Хамид Ансорий, Покистон бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф, қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ТАПИ газ магистрали йирик иқтисодий ва энергетик лойиҳагина бўлиб қолмасдан, ўзаро яқин географик ҳудудда жойлашган давлатларнинг сиёсий иродаси ва манфаатлари муштараклиги, уларнинг тинчлик ва барқарорлик йўлидаги ҳамжиҳатлигини ҳам амалда намоён этиши таъкидланди. Экспертлар фикрига кўра, мазкур лойиҳа истиқболда Осиё минтақасининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Жумладан, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида янги кўплаб ижтимоий иншоотлар барпо этилиши, минглаб иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда. ТАПИ Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаси давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳа Афғонистоннинг иқтисодий-ижтимоий тикланишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Тадбир якунида давлатлар раҳбарлари томонидан халқаро газ қувурининг туркман участкаси қурилишига рамзий старт берилди.

Туркманистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ҳукуматлари 2010 йилда Ашхобод шаҳрида ТАПИ халқаро газ қувурини барпо этиш бўйича ўзаро келишувга эришган. Газ магистрали Туркманистоннинг “Галкиниш” газ конидан бошланиб, Афғонистон, Покистон орқали Ҳиндистоннинг Фазилка аҳоли пунктигача етиб боради. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки томонидан молиявий қўллаб-қувватланмокда.

Газ қувурининг умумий узунлиги 1814 км дан ортиқ бўлиб, унинг 214 километри Туркманистон ҳудудига, 774 км Афғонистон, 826 км Покистон худудларига тўғри келади. Газ қувури тўлиқ ҳажмда ишга тушганидан кейин йилига умумий миқдорда 33 миллиард кубометр газ етказиб бериш имкониятига эга бўлади. Газ магистрали объектларини 2018 йилнинг декабрига қадар тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

ТАПИ лойиҳаси Туркманистон ҳукуматининг ёқилғи-энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ашхободда 2015 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош ассамблеяси томонидан Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми тан олинганининг 20 йиллигига бағишлаб “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзусида ташкил этилган халқаро конференциядаги маърузасида Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги бўйича вазмин ташқи сиёсат стратегияси, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақамиз мамлакатларининг иқтисодий интеграциялашуви ва барқарор ривожланишига қаратилган ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди.

Top