15:07 / 15.12.2015
3537

Афғонистон Толибон билан музокараларни тиклашда Покистоннинг ёрдамига умид қилмоқда

Рейтер колумнисти Асад Ҳашим «Афғонистон толибонлар билан тўхтаб қолган тинчлик музокараларини тиклаш учун Покистон кўмагига эришмоқчи» номли мақоласида яқинда Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистон юқори мансабли амалдорларининг учрашуви ҳақида маълумот берди.

Муаллифнинг таъкидлашича, тадбир чоғида Афғонистон ташқи ишлар вазири С.Раббони Покистонни толибонлар билан тинчлик музокараларини тиклашда кўмак кўрсатишга чақириб, яқин ҳафталар ичида мазкур йўналишда ижобий одимларни кўриш истагини билдирди. Ўз навбатида, Покистон бош вазири Навоз Шариф Афғонистон томони бошчилигидаги ярашув жараёнини маъқуллашини қайд этди.

Тадбир доирасида АҚШ давлат котибининг ўринбосари Э.Блинкеннинг айтишича, «тинчлик музокараларини тиклаш учун қатъий белгиланган жадвал йўқлигига қарамай, Афғонистон ва Покистон томонлари яна одамларни музокара столи атрофига тўплашга қатъий қарор қилган». Мазкур шароитда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири С.Свараж Покистон томони билан юксак даражадаги мулоқотнинг қайта тикланиши борасида ишонч билдирди. Унинг айтишича, Деҳли ва Исломободнинг «минтақавий савдо ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласида ҳаракат қилиши» вақти етди.

"Шу билан биргаликда, Ҳиндистон ташқи сиёсий идораси раҳбарининг қайд этишича, Покистон ташқи ишлар вазири С.Азиз билан музокаралар якунларига кўра, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида диалогни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди", дейилади "Телеграф.уз" хабарида.

Top