08:52 / 15.12.2015
3348

Чжэнчжоуда ШҲТ аъзоларининг ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси бошланди

Хитойнинг Чженчжоу шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг 14-мажлиси иш бошлади. Унга Хитой бош вазири Ли Кэцян раҳбарлик қилмоқда. Мажлисда Ўзбекистон номидан иштирок этиш учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов Хитойга етиб борган.

Мажлис дастлаб ташкилот ваккилларининг тор доирадаги учрашув билан бошланди. Сўнг ШҲТдаги кузатувчи давлатлар делагациялари (Афғонистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон вакиллари, шунингдек, ШҲТ ишчи органлари - Котибият, МАТТ ижроий қўмитаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси, қатор халқаро ва минтақавий ташкилот ва форумлар – БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, МДҲ, АСEАН ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг раҳбарлари) иштирокида кенгайтирилган мажлис бошланган.

Мажлисда ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш жараёнини ҳамда ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишади. Якунда бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Хитойдаги бу йиғилишда Қирғизистон бош вазири Темир Сариев, Қозоғистон бош вазири Карим Масимов, Россия бош вазири Дмитрий Медведев, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ҳам иштирок этишмоқда.

Мажлисда шунингдек, ташкилот аъзоларининг йўл-транспорт ва энергетика соҳаларида ҳамкорлик юзасидан фикрлар алмашинади. Шунингдек, 2016 йилда ШҲТ аъзолари бўлган давлатларнинг Молия вазирлари ҳамда марказий банклари раҳбарлари учрашувини ўтказиш режаси муҳокама қилинади.

Top