19:56 / 15.12.2015
18782

Рустам Азимов: Ўзбекистон ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудуди яратиш таклифини кўриб чиқишга тайёр эмас

Бугун, 15 декабрда Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов ҳамда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон бош вазирлари иштирок этдилар. 

Рустам Азимов ШҲТ фаолиятига берилган баҳоларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг қисқа вақт ичида нуфузли ва обрўли халқаро ташкилотга айланганини таъкидлаб ўтди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий саъй-ҳаракатлари билан минтақада бақарорликни қўллаб-қувватлаш, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, савдо, инвестицион, транспорт-коммуникация ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда,

Айни пайтда ШҲТда раислик қилаётган Ўзбекистон ташкилотга аъзо барча давлатларнинг манфаатларига жавоб берувчи кўп режали ҳамкорликни изчиллик билан ривожлантириш тамойилларига қатъий амал қилиш истагидадир. Шу муносабат билан Ўзбекистон ШҲТнинг консенсус тамойилига сўзсиз амал қилишга катта аҳамият қаратмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон номидан сўзга чиққан Рустам Азимов бугунги кунда дунё 2008 йилда бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг янги босқичига дуч келаётганини, кўплаб товар ва хом ашё бозорларида нархларнинг тушаётгани, талабнинг камаётгани ва дунёнинг барча минтақаларида иқтисодий ўсиш суръатлари пасаётганини қайд қилиб ўтди. Натижада савдо ва инвестиция ҳажми камаймоқда, капитал қайтиши ошмоқда.

Азимовнинг таъкидлашича, бу мураккаб шароитларда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг ўзбек моделига таянган ҳолда, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорлик ва мунтазам ўсишни намойиш қилмоқда.

Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 11 йилдан бери ҳар йили 8 фоиздан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида кейинги 5 йил ичида умумий қиймати 60 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилувчи янги юқори технологик ишлаб чиқаришлар ва нефть-кимё, кимё, энергетика, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехник, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда мавжуд корхоналарни тубдан модернизация қилиш бўйича 900 дан ортиқ инвестицион лойиҳа ва қурилиш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича 300 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Азимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, ўзаро савдони рағбатлантириш учун мақбул шароитларни яратишни қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, Рустам Азимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудудини яратиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эмас. Боз устига, ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясида ҳамкорликнинг бу йўналиши кўзда тутилмаган.

Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан инвестицион ҳамкорликни тубдан ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга умид билдирмоқда.

Азимовнинг таъкидлашича, реал натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида “ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегияси”ни амалга оширишни таъминлаш бўйича аниқ тадбирларни қабул қилиш ва “йўл хариталарини” ишлаб чиқиш муҳим ҳисобланади.

Рустам Азимов Ўзбекистон ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг тўлақонли аъзолар сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлашини айтиб ўтди.

Top