13:38 / 15.12.2015
2869

Ходорковский: мухолифатчиларнинг хавфсизлигини таъминлаб бера олмайман

Россиялик мухолиф сиёсатчи, ЮКОСнинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский РБК нашрига берган катта интервьюсида унга қарши очилган навбатдаги жиноий ишга муносабатини билдирди, шунингдек, Россия ички сиёсати билан боғлиқ бошқа масалаларга тўхталиб ўтди.

Яқинда сиёсатчига қарши қатор ишлар қайтадан қўзғатилди. Дастлаб у солиқларни тўламаганликда, сўнг фирибгарликда, ниҳоят, қотилликда ва давлатга хиёнат қилишда айбланди.

“Буни улар узоқ тайёрлашди ва энди орқага қадам ташлашмаса керак. Улар аудиторияга қараб ишламоқда. Уларнинг аудиторияси эса бир киши”, - тан олди собиқ олигарх, Россия президенти Владимир Путинни назарда тутиб.

“Буйруқ ёзнинг бошида берилди, - сўзида давом этди у. – ФХБ томонидан мувофиқлаштирилувчи гуруҳ шакллантирилди, у ерга деярли барча идоралар жалб қилинди. Биз ҳатто ҳамкасбларим билан халқ ишлашни унутганини, ҳужжатларни нотўғри тузганини кўриб кулдик: айбланувчи сифатида сўроққа чақирув йўллашди, кейин эса аввал айбловни эълон қилиш учун чақириқ йўллаш кераклигини эсга олишган кўринади. ҳаммасини шошиб-пишиб бажаришган”.
“Бугун тергов қўмитаси муҳокама қилаётган нарса 12 йилдан буён муҳокама қилинади. Президент Путин шахсан бу ҳақда турли йилларда уч марта айтган. Мени қамоқдан чиқаришганида барча позициялар унинг столи устида эди. Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Шу нуқтаи назардан ҳаракатланиш ва молиявий жиҳатлардан муаммолар келиб чиқади деб ўйламайман. Агар ҳукуматимиз ўзини ҳозиргидай тутишда давом этса, иқтисодий, ташқи сиёсий муаммолар, молиялаштириш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ муаммолар унинг ўзида бўлади”.
Ходорковский, шунингдек, бизнесга қайтишни режалаштирмаётганини маълум қилди.
“Қамоқдан чиқишим ҳамоно Леонид билан ва ЮКОСдаги ишим бўйича бошқа ҳамкасбларим билан учрашдим, - деди у. – Уларга бизнес карьерасига қайтмаслигимни, активларни қайтаришни режалаштирмаётганимни айтдим. Қўлимдаги ресурслар олдимга турган мақсадларга эришиш учун етарли. Янги ресурсларга эга бўлишга сарфлайдиган вақтим йўқ. Боз устига, ҳамкасбларим бу ишнинг уддасидан муваффақият билан чиқмоқда”.

Ходорковский бугунги Россияда мухолифатчилар дуч келаётган хавф-хатарлар билан ўртоқлашди:
“Бугунги вазиятда мен ва, ўйлашимча, ҳеч ким Россияда мухолиф жамоатчилик фаолияти билан шуғулланаётган одамларнинг хавфсизлигини кафолатлашга қодир эмас. Бу фаолиятни бошлаган одам ўз гарданига жиддий хатарларни олади. Албатта, келажакда, режим ўзгарганида улар айрим имтиёзларга эга бўлади. Мен фақат битта нарсани ваъда қила оламан – ҳеч кимни унутишмайди. Агар одамлар қамоққа тушса, уларни унутишмайди, бугунги ҳукумат уларни унутишига йўл қўйишмайди. Бу билан “Ҳуқуқ ҳимояси” лойиҳаси шуғулланмоқда. Лекин бундан ортиғини, бундан ортиқ ҳимояни одамларга ваъда қилишнинг имкони йўқ. Мен ҳам бундай хатарни 2003 йили ўз бўйнимга олдим. Россия қайтсам қамалишимдан огоҳлантиришган эди. Шунинг учун 10 йил ўтириб чиқдим”.

Top