15:37 / 17.12.2015
5902

БМТ бош котиблиги учун икки номзод номи маълум қилинди

БМТ Бош ассамблеяси раиси Могенс Люккетофт БМТ бош котиблиги учун сайловлар жараёнининг бошлангани ҳақида эълон қилди. Тарихда биринчи маротаба унда ташкилотга аъзо барча 193 давлат иштирок этади.

Могенс Люккетофт ҳамда Хавфсизлик Кенгаши раиси, АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр декабрь ойида барча аъзо-давлатларни БМТ раҳбари лавозимига номзодларни илгари суришга чақирган ҳамкорликдаги мактубни эълон қилган эди. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар аъзо-давлатларга тақдим этилади, уларнинг ўзлари эса БМТда норасмий учрашув ўтказишади.

“Жараён ишга туширилган. Умид қиламизки, барча мамлакатлар – БМТ тарихида биринчи марта – келгуси бош котиб лавозими учун илгари сурилган номзодлар муҳокамасида фаол иштирок этади”, - деди Могенс Люккетофт.
Мактубда ўтказилажак барча жараёнларнинг шаффофликда кечиши лозимлиги таъкидланган. БМТга аъзо давлатларга “бош котиб лавозимига номзод сифатида эркаклар билан бир қаторда аёлларни ҳам илгари суриш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

БМТнинг бўлғуси раҳбарини аниқлаш бўйича янгича ёндашув номзодларга норасмий музокараларда иштирок этиш ёки БМТга аъзо барча давлатларнинг вакиллари билан учрашиш имкониятини тақдим этади. Ушбу барча учрашув ва музокаралар 2016 йилнинг июль ойи охиригача – Хавфсизлик кенгаши номзодларни саралашга киришгунига қадар бўлиб ўтиши керак. Барча номзодлар номи эса март ойида тақдим этилади.
Люккетофт БМТ бош котиби лавозимига икки номзод номи маълум бўлганини ҳам айтиб ўтди. Улар Бош ассамблеянинг собиқ раиси македониялик Срджан Керим ҳамда Хорватия Ташқи ишлар вазири Весна Пусичдир.

Top