14:21 / 17.12.2015
7521

Самарқандда Янги йил куни ресторанларнинг ишлаши тақиқланди

Самарқанд вилоят ҳокимиятида Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш ва ва уни кутиб олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишга вилоят ҳокими З. Мирзаев раҳбарлик қилди.

Учрашув давомида шаҳар кўчаларида байрам шукуҳини яратиш, хиёбон ва биноларни безаш, майдонлар ва ташкилотларда арчалар ўрнатиш, хайрия ва маданий тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирлар ташкил этиш, уларга артистлар, актёрлар ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш учун жавобгарлик маданият ва спорт ишлари бўйича вилоят бошқармаси зиммасига юкланди.

Хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталинди. Вилоят раҳбари ҳуқуқ-тартибот органлари ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари олдида турган асосий вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, одамлар тўпланадиган жойларда ИИБ ходимлари ва жамоат ташкилотлари ишчиларидан иборат гуруҳлар навбатчилигини ташкил этиш, пиротехника воситаларининг сотилишини чеклаш белгиланди. Шунингдек, кўчаларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария меъёрларига мос келишини жиддий текшириш, сертификатланмаган маҳсулотларни сотишни тақиқлаш кўрсатилди.

“Самаркандский вестник” нашрининг ёзишича, анъанавий савдо ярмаркаларининг ташкил этилишига масъул шахслар белгиланиб, уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари паст нархларда ва тўлов терминаллари воситасида сотилиши белгиланди. Бундан ташқари, ресторан, бар ва кафелар фаолиятига чеклов ўрнатилди. Янги йил байрами ўтадиган кунларда бундай муассасаларга соат 23:00га қадар ишлаш тавсия этилди, бунда тўпланган меҳмонлар сони 400 кишидан ошмаслиги керак. Янги йил оилавий байрам эканлиги инобатга олинган ҳолда, 31 декабрь куни бундай муассасалар ёпилади.

Top