12:33 / 18.12.2015
16608

Ўзбекистонда диний экстремистик ташкилот фаоли қамалди

Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилотларни тузгани, уларга раҳбарлик қилгани ва фаолиятида иштирок этгани сабабли Элёр Баратовни олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

12news.uz`нинг шаҳар судидаги ахборот манбасига асосланиб хабар қилишича, Баратов 2007 йилда Россиянинг Грозний ва Хавасюрт шаҳарларида тандир нони ёпиладиган нонвойхонада ишлаш жараёнида Даврон исмли Қирғизистон фуқаросининг таъсирига тушади.

“Баратов бошқа муҳожирлар билан бирга экстремистик руҳдаги диний адабиётларни ўрганишга тушади. У, шунингдек, Жавлонбек Артиков раҳбарлиги остидаги экстремистик ташкилотга садоқат изҳор қилади. 2012-2014 йилларда у сурхондарёлик Лутфулло Зоиров, Шаҳобиддин Бўтаев ва Абдусалим Хайдаровга мураббийлик қилади.

2014 йилнинг 1 февралида Баратов янги паспорт олиш мақсадида “Боку-Тошкент” рейси билан Ватанига қайтиб келади. Фарғона вилоятининг Аввал қишлоғида яшаб туриб, ўз тарафдорлари билан алоқани узмайди. Андижонда Жавлонбек Артиков билан учрашиб, ўз телефонига Ўзбекистонда Конституцион тузумни ўзгартиришга чақирувчи экстремистик материалларни ўтказиб олади.

2014 йилнинг июлида Тошкентдан Бокуга парвоз қилиш олдида ундан декларация қилинмаган advance micro 2gb телефон флеш-картаси, “nokia e 72” русумли телефон, “Ritmix RMD-1035″ маркали планшет ва “SanDisk” адаптери олиб қўйилади. Олиб қўйиш жараёнида Баратов адаптерни тишлаб, ишдан чиқаради. Диний ишлар бўйича қўмита экспертлари хулосасига кўра, флеш-карта хотирасида Ўзбекистонда тақиқланган диний-экстремистик материаллар мавжудлиги аниқланди”, - дея ойдинлик киритди агентлик суҳбатдоши.

Top