22:29 / 20.12.2015
3272

Кения Air France самолёти бортида шубҳали буюм топилгани ҳақидаги хабардан “бомба” сўзини олиб ташлади

Кениянинг аэропортлар бошқармаси Air France самолёти бортида шубҳали буюм топилгани ҳақидаги хабардан “бомба” ва “портловчи модда” деган сўзларни ўчириб ташлади, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Бошқарманинг фейсбукдаги саҳифасида дастлаб мамлакат хавфсизлик хизматлари портлатишга уринишнинг олдини олиб, бомбани хавфсиз жойга олиб кетгани ҳақида маълумот жойлаштирилган.

Кейинроқ хабарга тузатишлар киритилган, унга кўра “шубҳали буюм” аэропорт ташқарисига олиб чиқиб кетилгани айтилган. Воқеа тергов қилинмоқда.

Air France авиакомпаниясининг Маврикий — Париж рейси бўйича парвоз амалга ошираётган самолёти унинг ҳожатхонасида шубҳали буюм топилгандан кейин Кениянинг Момбаса аэропортида фавқулодда қўнишни амалга оширган. Самолётда ҳаммаси бўлиб 459 йўловчи ва 14 нафар экипаж аъзоси бўлган, уларнинг барчаси эвакуация қилинган.

Top