16:16 / 22.12.2015
18800

Ўзбекистон ва Россия меҳнат муҳожирлари масаласида келишув тайёрламоқда

Ўзбекистон ҳукумати Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини уюшган ҳолда ишга қабул қилиш ҳақида шартнома ишлаб чиқди.

Ўзбекистон республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги республика фуқароларини Россияда уюшган ҳолда меҳнат қилиши ҳақидаги шартнома ишлаб чиқиб, уни Россия ҳукуматига топширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон фуқароларни Россия Федерациясида ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатлар билан ишга ёллаш ҳақидаги давлатлараро шартноманинг қайта ишланган лойиҳаси Россия томонига дипломатик йўллар орқали юборилди”, — дейилган муассаса хабарида.

Бундан олдинроқ, Россия ва Ўзбекистон ҳукумати 2015 йилда меҳнат муҳожирлари борасида давлатлараро шартнома тайёрлашга киришгани хабар қилинганди. Томонлар бўлғуси шартнома ҳақида ўз тавсияларини билдириши ва улар янги шартнома асосига айланиши режалаштирилган эди.

Умумий ҳисобга кўра, ҳозирги кунда Россияда 2 миллион нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бор.

Top