11:30 / 22.12.2015
4643

Ўзбекистонда ёнғинлар содир бўлиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга камайган

20 ноябрдан 20 декабрга қадар Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилди.

Ойлик давомида аҳоли, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ёнғинларнинг олдини олиш борасидаги зарур чора-тадбирлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. 235 бино ва иншоот ёнғин ҳақида автоматик равишда хабар берувчи мослама билан жиҳозланди.

"Ташкилот ва муассасаларда 41 мингдан зиёд ёнғин хавфсизлиги бурчаги ташкил этилди. Ёнғинни ўчириш билан боғлиқ 4 мингга яқин кўргазмали машғулот ўтказилди", дейилади ЎзА хабарида.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ойлик давомида 1,4 миллионга яқин аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ва давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаётган ўн мингга яқин масъул шахс тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди. 10 мингга яқин раҳбар ва жавобгар шахс интизомий жазо олган бўлса, 30 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Кўрилаётган чоралар ва амалга оширилган тадбирлар натижасида ёнғинлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга, фуқароларнинг тан жароҳати олиши 74 фоизга камайишига эришилган.

Top