18:35 / 22.12.2015
5666

Қарши дарёсининг устидаги Амир Темур кўпригининг атрофи ободонлаштирилмоқда

Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида вилоят маркази тобора кўркамлашиб бормоқда.

Мазкур Дастурда кўзда тутилган объектлар қурилиши билан бирга, Қарши қиёфасини ўзгартираётган бир қатор иншоотлар бунёд этилмоқда. Жумладан, Қашқадарё дарёсининг устидаги Амир Темур кўприги атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш, дарёнинг икки қирғоғини мустаҳкамлаш, соҳилбўйини ободонлаштириш, қайиқ станцияси ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида хабар берилишича, дарё сувининг тиниқ бўлишини ҳамда сувнинг бир меъёрда оқишини таъминлаш мақсадида учта тўғон қурилмоқда. Биринчи ва иккинчи тўғон сувни филтрлаш вазифасини ўтаса, учинчи тўғон бу ерда қурилаётган хиёбон ёнида сув сатҳининг бир меъёрда бўлишини таъминлайди.

Шўртан газ-кимё мажмуасига қарашли "Қурилиш, монтаж-таъмирлаш бошқармаси" унитар корхонаси бош пудратчилигида барпо этилаётган аҳоли дам олиш комплексида 100 га яқин махсус техникадан фойдаланган ҳолда 500 нафарга яқин қурувчи бунёдкорлик ишлари билан машғул. Дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш, соҳилбўйини ободонлаштириш, атрофни баҳаво гўшага айлантириш мақсадида 132 минг куб метрдан ортиқ тупроқ ишлари бажарилди.

Бугунги кунда вилоятнинг турли ҳудудларида соҳилбўйидаги каби ўнлаб аҳоли дам олиш масканлари қурилмоқда. Яна бир нечаси янгидан бунёд этилиб, мавжудлари реконструкция қилинди.

Top