22:42 / 22.12.2015
3863

Саудия Арабистонидаги китоблар дўконлари тармоғи ўз пештахталаридан Дональд Трампнинг китобларини олиб ташлади

Саудия Арабистонида ишловчи Jarir Bookstore китоблар дўконлари тармоғи ўз пештахталаридан америкалик сиёсатчи ва миллиардер Дональд Трампнинг китобларини унинг АҚШга мусулмонларнинг киритилишини тақиқлашга чақириқларига жавобан олиб ташлади.

Китоблар дўконлари тармоғи 22 декабрда твиттерда фойдаланувчилардан бирининг Трамп асарларини бойкот қилиш илтимосига берган шарҳида бу қарори ҳақида маълум қилди.

“Jarir Bookstore мусулмонлар ва исломга нисбатан ҳақоратли сўзлар айтиш билан таниқли бўлган Дональд Трампнинг китобларини сотмоқда. Биз уларни сотувдан олиб ташланишини сўраймиз”, деб ёзганди 19 декабрда фойдаланувчилардан бири ва ўзининг хабарига Трампнинг “Think Like a Champion” (Чемпион каби фикр қил) деб номланган китобининг араб тилидаги нашрининг суратини қўшимча қилди.

“Ушбу китоб нусхалари олиб ташланди, сизга хабарингиз учун миннатдорчилик билдирамиз”, деб жавоб берди 3 кундан кейин фойдаланувчига Jarir.

Шунингдек, Дубайнинг Landmark ритейлери Трамп бренди остидаги маҳсулотларни сотишни тўхтатиб қўйди, гольф учун мажмуа қураётган Дубайдаги қурилиш компанияси объектдаги Трамп ва унинг қизининг яратилажак кўчмас мулк суратлари бор тасвирларини бошқа суратлар билан алмаштирганди.

Top