17:37 / 24.12.2015
3122

Нотижорат концерт-томоша дастурлари учун ҳам рухсатнома олиш мажбурияти жорий этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 354-сонли қарорига мувофиқ, эндиликда нотижорат мақсадларда ўтказиладиган концерт-томоша дастурлари учун ҳам рухсатнома олиш мажбурияти жорий этилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси: кеча ва бугун” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди. Тадбирда таъкидланганидек, қарор билан концерт-томоша дастурлари ташкил этиш учун бир марталик гувоҳнома ўрнига рухсатнома бериш тартиби жорий этилди.

Шунингдек, авваллари фақатгина тижорат ва реклама мақсадларида ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан бир марталик гувоҳнома берилган бўлса, эндиликда нотижорат мақсадларда ўтказиладиган тадбирларнинг ҳам сценарийлари ва дастурлари мутахассислар томонидан ўрганилиб, бепул равишда рухсатномалар берилади.

Бунда биноларнинг хавфсизлик талабларига тўғри келиши, жумладан, қўшимча чиқиш эшиклари бўлиши, кузатув камералари ўрнатилгани ҳам инобатга олинади.

Top