12:28 / 24.12.2015
5361

Оруэллнинг "1984" номли асари россияликлар орасидаги энг машҳур асарлар ўнлигига кирди

Британиялик ёзувчи Жорж Оруэллнинг "1984" номли асари Россиядаги китобхонлар томонидан энг кўп қизиқиш билдирилган 10та асар қаторида зикр қилинди. Россияда 2015 йил давомида бу асарнинг 85 мингта нусхаси сотилган. Бу ҳақда РБК нашри томонидан ўтказилган сўровнома натижасида маълум бўлди.

Тузилган рўйхатда биринчи ўринни россиялик ёзувчи Борис Акуниннинг "Планета Вода" ("Сув сайёраси") асари эгаллаган. Эраст Фандориннинг саргузаштлари ҳақидаги бу асарнинг 168 минг нусхаси сотилган.

Россияликлар орасида ўтган йили машҳур бўлган асарларнинг иккинчиси эса Энди Вейернинг "Марсианин" асари бўлди (107 минг нусха).

Учинчи ўринни 2015 йил давомида 103 минг нусхада сотилган Жон Гриннинг "The Fault in Our Stars" ("Юлдузлар гуноҳи") асари эгаллади.

Тўртинчи ўрин Дмитрий Глуховскийнинг "Метро 2035" асарига (97 минг нусха), бешинчи ўрин эса Жорж Мойеснинг "Before I met you" ("Сени учратишимдан олдин") асарига тегишли (87 минг нусха).

Қайд этиш керакки, Оруэллнинг "1984" асари 2014 йилда Forbes томонидан тузилган Россиядаги йилнинг энг машҳур китоблари рўйхатига кира олмаганди.

Шунингдек, бу ўнликдан Харпер Лининг "To Kill a Mockingbird" (Масхарабознинг ўлдирилиши), Грегори Дэвид Робертснинг "Шантарам", Жеймс Дэшнернинг "The Maze Runner", Донна Тарттнинг "The Goldfinch" ("Саъва") каби асарлари ҳам ўрин олган.

"1984" асари антиутопия йўналишидаги энг машҳур асар ҳисобланади. Унда давлат репрессияси ҳақида ҳикоя қилинади. Асар қаҳрамонлари доимий равишда истибдод кузатувида бўлишади. Асардаги давлатда одамларни кузатиш учун телевизорларга ўчириб бўлмайдиган камералар ўрнатилгани ҳақида гап боради.

Top