14:53 / 24.12.2015
3984

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Дирекциясида “Оналари бахтли, болалари соғлом мамлакат” мавзусида тадбир бўлиб ўтди

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан кириб келаётган 2016 йил мамлакатимизда «Соғлом она ва бола» йили деб эълон қилингани муносабати билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Дирекциясида шу мавзу юзасидан маъруза ташкил этилди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси матбуот хизматининг хабар беришича, маърузачи Тошкент давлат юридик университети юридик фанлар номзоди, доцент Игорь Кудрявцев оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига жиддий эътибор қаратилаётгани, 1998 йилнинг “Оила йили”, 2000 йилнинг “Соғлом авлод йили”, 2001 йилнинг “Оналар ва болалар йили”, 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказиш йўлида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлардан дарак бераётганини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Барча ҳудудларда, ҳусусан, чекка қишлоқларда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу жараёнга қизларни – бўлғуси оналарни жалб этишга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маъруза якунида, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олишдаги муҳим омиллиги, қолаверса, юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган замонавий скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик марказларида оналар ва чақалоқларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилётгани айтиб ўтилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олишди.

Top