18:28 / 25.12.2015
13282

Ободонлаштириш бошқармаси Тошкентдаги кўп йиллик дарахтларнинг кесилаётганига изоҳ берди

Сўнгги ҳафталарда Тошкент шаҳрида жадаллик билан дарахтларни кесиб ташлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, “Космонавтлар” метро бекати яқинидаги хиёбон ва Навоий кўчасида, Алишер Навоий номидаги киносаройдан унча узоқ бўлмаган ҳудудларда ўсаётган дарахтлар бутунлай ёки қисман кесиб ташланди.

Хизматнинг мазкур ҳаракатлари жамоатчиликнинг катта эътирозларига сабаб бўлди, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари мутасадди органларни пойтахтимизни безаб турган кўп йиллик дарахтларни йўқ қилаётганликда айблади. Шу муносабат билан UZ24 Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент ободонлаштириш бош бошқармаси қошидаги кўкаламзорлаштириш бўлими раҳбарияти ва мутахассисларига мурожаат қилди.

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Шомурод Муҳаммаджоновнинг хабар беришича, фақатгина касалланган дарахтлар кесилмоқда. Қўмита мутахассислари дастлаб жойларга бориб, дарахтни кўриб чиқади ва унинг ҳолати бўйича ўз хулосасини беради. Бундан ташқари, кесилган чинорлар ўрнига бошқа, ёш ва соғлом дарахтлар ўтқазилади.

Тошкент ободонлаштириш бош бошқармаси қошидаги кўкаламзорлаштириш бўлимидагилар эса аҳолидан хавотирга тушмасликни сўраб, бу дарахтларни шафқатсизларча йўқ қилиш эмаслигини айтиб ўтган. Дарахтларнинг кесилишини уларнинг носоғлом ҳолати ёки дидсиз кўриниши билан боғланган.

Шунингдек, бўлим чинорларни кесиш бўйича кўп сонли мурожаатлар улар ўсаётган туманлар аҳолиси томонидан ҳам келиб тушаётганини маълум қилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, чинорлар экологик жиҳатдан хавфли дарахт тури бўлиб, айниқса аллергиядан азият чекувчи кишиларга ноқулайлик туғдиради.

Кесилган дарахтлар ўрнига лола (гули лолага ўхшаб очиладиган) ёки каштанли дарахтлар ўтқазилади.

Top