21:40 / 27.12.2015
7304

АҚШ 2014 йилда энг кўп қурол сотган давлатлар рейтингидаги етакчилигини сақлаб қолди

АҚШ Конгресси қошидаги экспертлар гуруҳи томонидан ўтказилган янги тадқиқот натижаларига кўра, Қўшма Штатлар 2014 йилда қурол-яроғ сотиш бўйича дунёдаги етакчилигини сақлаб қолди. Америка қуроллари экспортининг ҳажми ўтган йилда қарийб 10 миллиард долларга ортди, дея хабар бермоқда The New York Times нашри.

Тадқиқот хулосаларига кўра, 2014 йилда Америка қуролларининг савдоси ҳажми 36, миллиард долларга қадар ўсган. 2013 йилда эса бу кўрсаткич 26,7 миллиардни ташкил этган. Савдолар ҳажмининг ўсишига Қатар, Саудия Арабистони ва Жанубий Корея билан тузилган кўп миллиардли шартномалар сабаб бўлган. Шу йўл билан АҚШ 2014 йилда дунё бўйлаб сотилган қурол-яроғларнинг 50 фоизига эгалик қилди.

2014 йилда 10,2 миллиард долларлик қурол сотган Россия мазкур рўйхатининг иккинчи поғонасини эгаллаган бўлса, кейинги ўринларда Швеция ($5,5 млрд), Франция ($4,4 млрд) ва Хитой ($2,2 млрд) тилга олинган.

2014 йилда қурол-яроғларнинг энг катта харидори Жанубий Корея бўлди. Шимолий Корея билан муносабатлар кескинлашган шароитда Сеул қуролланишга 7,8 млрд доллар ажратган. Ундан кейин эса 7,3 млрд долларга қурол сотиб олган Ироқ, учинчи бўлиб Бразилия ($6,5 млрд) қайд этилган.

Ҳисоботга биноан, 2014 йилда дунё бўйича 71,8 миллард долларга ўлим келтирувчи воситалар харид қилинган. 2013 йилда мазкур кўрсаткич 70,1 млрд.ни ташкил этган.

Top