17:44 / 27.12.2015
23598

Террор даҳшати ёки яра газак олмасин

Бугунги давр нафақат тараққиётнинг, илм-фаннинг жадал ривожланиши билан, балки жаҳонни ларзага солаётган турли хил глобал муаммолар билан ҳам кечмоқда. Ана шундай дунёвий муаммолардан бири терроризмдир. Терроризмнинг халқаро миқёсда тобора тус олаётгани, унинг туб илдизи қирқилиши ўрнига, аксинча кенг қулоч ёзаётгани натижасида минглаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.

Бугунги кунда терроризм балосидан азият чекмаган давлат деярли қолмади. Кишини ташвишга соладигани эса кўплаб давлатлар биргаликда бир неча йиллардан буён мазкур иллатга қарши аёвсиз кураш олиб бораётган бўлса-да, бу курашнинг ижобий натижаси кўринмаётганидир. Бунинг сабаби нимада? Сабаблар бисёр, менинг назаримда. Террорчиларга қарши курашда дунёвий якдилликнинг йўқлиги, иккиёқлама назар билан қараш, айрим давлатларнинг ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатларига эришиш учун террорчилар қўлидан фойдаланишлари…

Демократия ўрнатилиши кўзда тутилган мамлакатларга назар солайлик. Ироқ, Сурия, Ливия, Яман… Бу давлатларда вазият қанчалик чигал ва мураккаблигини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Афғонистонни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Деярли қирқ йилдан буён бу минтақада турли жиноий уюшмалар ин қуриб олган ва ажабланарлиси, уларга қарши кураш ҳеч қандай самара бермаяпти. Хўш, ўнлаб йиллардан буён энг ривожланган мамлакатлардан иборат коалициянинг террорчиларга қарши кураши нега самарасиз бўляпти? Нима учун инсонларни шафқатсизларча қатл қилаётган, тарихий-маданий обидаларни ваҳшийларча йўқ қилаётган жиноятчиларни тўхтатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаяпти? Балки уларнинг мавжудлиги кимларнингдир манфаатларига мос келар? “Душманимнинг душмани менинг дўстим” матали айрим мамлакатлар учун шиорга айлангандек гўё.

Шу йилнинг 31 октябрида Миср осмонида Россияга қарашли A 321 йўловчи самолёти ҳалокатга учраши оқибатида 224 нафар инсон (уларнинг орасида 25 нафар бола ҳам бор эди) ҳалок бўлди. Самолёт ҳалокатига унинг бортига бомба қўйилганлиги сабаб бўлган деб баҳоланди. Назаримда, дунё ҳамжамияти томонидан бу ҳалокатга етарли даражада эътибор қаратилмади, шунчаки сукут сақлаб қўя қолинди, холос. Парижда нашр этиладиган “Шарли Эбдо” журнали эса ҳалокатга бағишлаб карикатуралар чоп этди. Наҳотки, инсонларнинг ҳалокати кимлар учундир мазах манбаи, даромад топиш манбаи бўлса. Чуққурроқ назар ташласак, айнан ушбу журналда ислом дини мазах қилинган карикатуралар чоп этилгани боис шу йил бошида журнал таҳририятига ҳужум уюштирилган ва журналнинг ўн нафар ходими ҳалок бўлганди. Ўшанда Парижда терроризмни қоралаб Республика марши ўтказилган, бутун дунёда журнални қўллаб-қувватлаб, уларга ҳамдардлик билдириб “Мен Шарли Эбдоман” шиори остида акциялар бўлиб ўтганди. Россия самолёти ҳалокати мазах қилинганидан кўп вақт ўтмай, 13 ноябрь куни худди ўша Парижда бир гуруҳ шахслар террорчилик ҳаракатларини амалга оширишди. Фожиада 130 нафар инсон қурбон бўлди, юзлаб кишилар жароҳат олди. Яна бутун дунё оёққа туриб, террорчиларни қоралашга, уларга қарши курашни кучайтириш кераклигини таъкидлашга тушди. Бу икки ёқлама назар дегани эмасми? Кимнингдир фожиасига бефарқ қаралса, яна кимнингдир бошига худди ўшандай мудҳиш иш тушса, ёппасига унга ҳамдардлик билдиришса. Улар гўёки қўшнисининг уйига ўт кетса, бир четда қўл қовуштириб томоша қилиб турадиган инсонларга ўхшайди. Олов ўзининг уйига ўтганидагина уни ўчиришга тушиб шошиб қолишади.

…Энг ажабланарлиси, яна ўша “Шарли Эбдо” катта саҳнага чиқди. Энди бу журнал Париждаги фожиани ҳам карикатуралар орқали ифода этди. Журнал бу ҳаракатини сўз эркинлиги, демократия билан изоҳлади. Наҳотки, демократия инсонийлик туйғусидан мосуво бўлиш дегани бўлса. Бошқаларнинг фожиаси устидан кулиш инсон қадр-қимматини таҳқирлаш эмасми? Агар мана шу демократия бўлса, ундай демократия ўзингизга буюрсин, дегинг келади.

Яна бир эътирозга сабаб бўладиган омил борки, бу ислом террорчилари деган атамадир. Аслида ислом динида чумолига ҳам озор бериш қораланади. Хўш, инсонларни тириклайин ёқиб юбораётган, қул қилиб сотаётган, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётган кимсаларни мусулмон деб аташ мумкинми? Менимча, террорчининг дини бўлмайди. Тақводор, Худо деган одам бундай ишларга қўл урмайди. Ислом динини ниқоб қилиб, ўз ғаразли ниятларини амалга ошираётганларнинг эса дини ҳам, миллати ҳам йўқ. Уларни зимдан қўллаб-қувватлаётганларни эса ислом динини бошқа динга мансуб цивилизациялар наздида ёмонотлиқ қилиш, ишлаб чиқарган қурол-яроғларини сотиб катта даромад топиш, уларнинг йўриғига юрмаганларни демократия ўрнатиш баҳонасида четлаштириб, ўзлари тайёрлаган “кадр”ларини давлат тепасига қўйиш қизиқтиради.

Терроризмнинг қай даражада хавфли эканлиги ҳақида Президентимиз Ислом Каримов 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида бутун дунёга бонг урганди, жаҳон ҳамжамиятини минтақавий можаролар охир-оқибат жаҳон бўйлаб глобал муаммоларга айланиб кетишидан огоҳ этганди.

1999 йилда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этган Юртбошимиз ЕХҲТнинг минтақавий можароларни бартараф этиш, терроризмга қарши курашдаги ўрни ва иштирокини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратиш ҳамда терроризмга қарши кураш халқаро марказини ташкил этиш ғоясини таклиф этганди. Халқаро терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш мақсадида 2000 йилдаёқ мамлакатимизда “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, 2004 йилда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганди. Бугунги кундаги бошқа давлатлар ҳаракатига назар ташласак, бизнинг юртимизда терроризмга қарши татбиқ этилган курашиш усулларини улар эндигина қўллай бошлаганининг гувоҳи бўляпмиз. Бугунги кунда тинчлик таянчига айланган бизнинг мамлакатимиз ҳам террор даҳшатига дуч келган, давлатимиз раҳбарияти унинг қанчалик ҳалокатли эканлигини зийраклик билан сезиб унга қарши курашишнинг энг муносиб режасини тузиб чиққанди.

Шу йилнинг 12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишлаб “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида ўтказилган халқаро конференцияда ҳам мамлакатимиз раҳбари бугун жаҳонда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфининг кучайиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотишини билдириб, йиғилганлар эътиборини яна бир бор Афғонистондаги беқарорликни бартараф этиш масаласига қаратди. Қўшни мамлакатдаги вазият ҳукумат қўшинлари ва толибонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётгани, ташқи молиявий қўллаб-қувватлаш камайгани натижасида янада мураккаблашиб бораётгани ҳамда Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши оқибатида юзага келган бўшлиқни Яқин Шарқ минтақасидан қочиб чиқаётган босқинчи ва террорчи гуруҳлар эгаллаб олаётгани дунёвий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан жиддий таҳдид эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни ўзаро курашаётган томонлар ўртасида БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш, ҳукумат ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш, бунинг учун қатъий сиёсий иродага эга бўлиш, ҳеч қандай шартларсиз ўзаро муроса қилиш, бир-бирига ён босиш орқали ҳал этиш мумкинлиги ва бундан бошқа муқобил йўл йўқлигига эътибор қаратди.

Афсуски, даҳшатли вирус сингари тарқалиб бораётган халқаро терроризмга қарши курашиш, уни йўқотиш биргина давлат уддалай оладиган вазифа эмас, боиси душман, бутун дунё террорчилари бирлашмоқдалар. Эндиликда терроризм офати жаҳон ёшларини ҳам ўз домига тортиб бормоқда. Ҳатто, вояга етмаган ўсмир-ёшларнинг террорчилик ташкилотлари сафига қўшилиб кетишлари, қўлига қурол олиб жангларда иштирок этишлари оддий ҳолга айланиб бормоқда. Омилик, дунёвий ва диний саводсизлик баъзи ёш авлод вакилларини мутаассибларга, уларни айтилган вазифани сўзсиз бажарадиган манқуртларга айлантириб қўймоқда, уларнинг онгида фақат ўз раҳнамоларигина ҳақ деган тушунча пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Тананинг бирор жойига чиққан кичкинагина яра вақтида бартараф этилмаса, у газак олиб, бутун танага тарқалиб кетиши мумкин. Халқаро терроризм худди мана шундай ярага ўхшайди. Ачинарлиси, у айни кунларда газак олиб бўлди. Агар терроризмга панжа орасидан қаралса, “менга нима” ёки “ўзим тинч бўлсам бўлди, бошқалар билан ишим йўқ” қабилида иш тутишда давом этилаверса, у бутун дунёни ўз даҳшати билан қамраб олади. Бутун дунё мамлакатлари Ўзбекистон Президенти огоҳлантирган вақтдаёқ терроризмга қарши ҳамжиҳат бўлиб кураш бошлаганида, бугунги даҳшатли фожиаларнинг олди олинган бўлармиди.
Д.АСҚАРОВ.

Top