15:33 / 27.12.2015
11464

Толибон ИШИДга қарши курашда Россия билан ҳамкорлик қилмаслигини билдирди

"Толибон"нинг инглиз тилида фаолият кўрсатувчи сайтларидан бирида ташкилотнинг Россия ТИВ вакили Замир Кабулов томонидан руслар ва толибонлар ўртасида ИШИДнинг Афғонистондаги гуруҳларига қарши курашда ҳамкорлик қилиниши бўйича берган баёнотига муносабат билдирилди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканали хабар тарқатган.

"Биз музокаралар олиб борганимиз рост. Лекин гап ИШИДга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида эмас. Биз мамлакат ҳудудидан барча хорижий ҳарбийларни чиқариб юборишни мақсад қилганмиз", дейди "Толибон" вакили.

Унинг қайд этишича, толибонларга ИШИДни енгиш учун ҳеч кимнинг ёрдами шарт эмас. У мамлакат шимолидаги Нангарҳар вилояти ҳудудида "бир ҳовуч" жангарилар жойлашган ва улар таҳдид солар даражада кучли эмас.

23 декабрь куни Россиянинг Афғонистон масаласидаги махсус вакили, Россия ТИВнинг шу масаладаги департаменти директори Замир Кабулов Москва "Толибон" билан ИШИДга қарши курашда умумий манфаатларга эгалиги ҳақида айтиб ўтганди ва икки томон ўртасида маълумот алмашиш мақсадидаги каналлар мавжудлигини билдирганди.

У Россия Афғонистонда ҳам Суриядаги каби ҳарбий амалиётларга бошлашини режалаштирмаганини қўшимча қилиб ўтган.

Шу йилнинг кузида Сурия ва Ироқнинг катта қисмида назорат ўрнатган ИШИД Афғонистонда ҳам ўз таъсирини кенгайтираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Мамлакатдаги "Толибон"га тобе бўлмаган гуруҳлардан бири ИШИДга қасамёд қилган.

Афғонистондаги америкалик ҳарбий амалдорлардан бирининг маълумотига кўра, Афғонистонда ўзини ИШИД аъзоси деб биладиган жангарилар сони 3000 нафар. Айни вақтда ИШИДнинг Афғонистондаги тарғибот кампанияси фаол ҳаракатланаётгани қайд этилган.

Бу вақтда эса "Толибон" бу гуруҳларга беписанд қараб, ўз ҳаракатларини расмий Кобулга йўналтирган.

Маълумот учун, "Толибон" Афғонистоннинг қонуний ҳукуматига қарши курашиб келади. Бу ташкилот мамлакатнинг аксар ҳудудларида назорат ўрнатган. Толибонлар 2001 йилда Афғонистонга НАТО кучлари киритилганидан кейин фаолликни сусайтирганди. Аммо 2014 йилнинг декабрида бу кучлар олиб чиқилиши ҳақида эълон қилингач, уларнинг фаоллиги ўсди.

Top