22:57 / 29.12.2015
5531

Россиянинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш федерал хизмати Россияга олиб кирилаётган гиёҳванд моддалар учун айбни осиёлик муҳожирларга юклади

Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россияга афғон героинини олиб киришга алоқадорлар, деб айтди Россиянинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш федерал хизмати бошлиғи Виктор Иванов. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги маълум қилди.

“Афсуски, ҳозирда Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мустақил давлатларда яшаётган собиқ юртдошларимиз гиёҳванд моддалар транзитига аралашиб қолганлар”, деб айтди Иванов “Россия-24” телеканали эфирида.

“Россияда Москва вилоятидаги дала ҳовлиларда ишлаб пул топиладиган ишни 100 ёки 200 грамм оқ кукунни сотиш билан қоплаш мумкин. Афсуски, миграцион оқимлар афғон героинини ташиш учун имконият яратмоқда”, деб айтди Иванов.

Ивановнинг таъкидлашича, Афғонистон ва Россия ўртасида чегара йўқ, шунинг учун
гиёҳванд моддалар ҳеч қандай тўсиқларсиз Россияга ўтади.

Афғон наркотрафигининг олдини олиш учун гиёҳванд моддаларни назорат қилиш федерал хизмати ва Марказий Осиё давлатларининг аксилнаркотик идоралари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда ҳамда Тожикистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот муассасаларига молия-техник кўмагини кўрсатади.

Top