19:14 / 31.12.2015
3587

Нурсултон Назарбоев амалдорларга камтар ва хушмуомала бўлишни буюрди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Қозоғистон Республикаси давлат хизматчиларининг ахлоқ меъёрлари ва ўзини тутиш қоидаларини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Амалдорларнинг ахлоқ кодекси 2016 йил 1 январдан “давлат хизматчиларининг маънавий қиёфаси ва ишчи сифатларига талабларни ошириш мақсадида” кучга киради, деб хабар бермоқда nur.kz сайти.

Ҳужжатда давлат хизматини ўташ – жамият ва давлат томонидан билдирилган алоҳида ишончнинг ифодаси эканлиги ва бундай жойларда ишловчилар ўз меҳнатига бутун кучи, билим ва тажрибасини бериши  ва давлатига ростўй ва беғараз хизмат қилиши кераклиги кўрсатилган. 

Кодекс жамиятда давлат органларига ишончни мустаҳкамлаш, давлат хизматида ўзаро муносабатларнинг юқори маданиятини шакллантириш ва давлат хизматчиларининг ўзини ахлоқсиз тутишининг олдини олишга қаратилган.

Назарбоев, шунингдек, амалдорлар ростгўй, адолатли, камтар бўлишлари, умумқабул қилинган ахлоқ-одоб меъёрларига амал қилишлари, фуқаролар ва ҳамкасблари билан мулоқотда хушмуома бўлишлари, қабул қилаётган қарорларининг қонуний ва адолатли бўлиши кераклигини айтди. 

Шунингдек, амалдор шахслар ўз хатти-ҳаракатлари билан жамият томонидан танқидга ўрин қолдирмасликлари керак ҳамда ўз лавозимидан шахсий масалаларни ҳал қилишда давлат идоралари, ташкилотлар, давлат хизматчилари ва бошқа шахслар фаолиятига таъсир қилиш учун фойдаланмасликлари лозим. 

Назарбоев барча давлат хизматчиларига “давлат мулкининг бутлигини таъминлаш, топширилган давлат мулкидан оқилона, самарали ва фақатгина  хизмат мақсадида фойдаланиш” ва “иш вақтидан оқилона ва самарали фойдаланиш” мажбуриятини қўйди.

Ахлоқ кодекси амалдорларни ташқи кўринишига аҳамият беришга чақиради, хизматдан ташқари вақтда ўзини тутиш стандартларини белгилайди. 

Top